Тиббиётнинг келажаги профилактикадир. Зеро, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул. Шу боис ҳам вилоятимиз саломатлик посбонлари шифохоналарда беморларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга ҳудудларда бўлиб, маҳаллада яшовчилар соғлиғини мустаҳкамлаш тадбирларида ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Ибрат оила шифокорлик пунктида ташкилланган навбатдаги тиббий тадбир фикримиз далилидир. Эрталабдан ОШП ҳовлиси ҳар доимгидан гавжум бўлди. Намангандан юборилган таниқли тиббиётчилар гуруҳи маҳаллий ҳамкасблари билан ҳамкорликда юқумли бўлмаган касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида профилактик тиббий кўрикни самарали ташкил этиш бўйича фаолият кўрсатди.

Ўтказилган саломатлик тадбири давомида ҳудудда яшовчилар юқори малакали шифокорлар қабулида бўлишди. Аҳоли вакиллари скрининг, лаборатория таҳлилларидан ҳамда УТТ, ЭКГ текширувидан ўтказилди. Кун давомида 430 киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикка келди. Уларнинг 227 нафарида турли хасталиклар аниқланди.

– Беморларнинг 86 нафарига амбулатор шароитда, 3 кишига вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўлланма берилди. Шу билан бирга стационар шароитда даволанишга муҳтож бўлган 5 нафар фуқарога туман марказий шифохонасида, 30 кишига эса кундузги шифохонада ётиб даволанишга йўналтирилди. 101 киши касаллигига қараб дори воситалар билан бепул таъминланди,-дейди оила шифокорлик пункти врачи Сабоҳат Отабоева.

Бугина эмас, давлат тиббий суғуртаси механизмлари ҳақида аҳоли тушунчасини ошириш мақсадида тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. ДТСЖнинг вилоятдаги вакили Мухторжон Жўрабоев Ибрат маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчилар ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги "Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-311– сонли қарорининг мазмун-моҳияти, мазкур тизимни жорий қилишга тайёргарлик ишлари, аҳолига кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом турмуш тарзи, касалликларнинг олди олиш бўйича тушунчалар берди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминовнинг маҳалла аҳли билан учрашувида эса малакали тиббий хизматни аҳоли яшаш жойларига яқинлаштириш туфайли соғлом ҳаётни таъминлаш натижадорлиги ортаётганлиги таъкидланди.

Маҳаллада яшовчилар кўрсатилган эътибор ва юқори малакали тиббий хизмат учун миннатдорчилик изҳорладилар.