– Шогирдларим ва ҳамкасбларимга бугунги кун учун шукрона келтириш кераклигини кўп таъкидлайман, – дейди Янгиобод ОШП мудири Набижон Раҳматов. – Чунки биз нафақат шифокор, балки инсон қадрсиз бўлган кунларни ҳам кўрдик. Бугун эса ҳаммаси ўзгарди. Янги Ўзбекистоннинг тиббиёти жаҳон андозаларига мослаштириляпти. Ҳар бир инсон саломатлиги – тиббиёт ходимлари эътиборида. Касалликлар жуда эрта босқичда аниқланяпти. Шу боисдан ўлим билан боғлиқ кўрсаткичлар жуда паст. Аҳоли саломатлиги давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишига айланди. Соҳадаги туб ўзгаришларни гўёки сўз билан изоҳлаб, ифодалаб бўлмайдигандек. Биз айни пайтда жамоа билан "Сифатли тиббий хизмат хар бир инсон учун" деган иборага амал қилган ҳолда аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқдамиз.

Дарҳақиқат, Тўрақўрғон туманининг Ёртепа, "Порлоқ" ва Куймозор маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 13190 нафардан зиёд аҳолисига 40 нафарга яқин тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатадилар. 5 нафар врач мавжуд 6 та тиббиёт бригадаси фаолиятида муҳим ўрин тутади. 34 нафар ўрта тиббиёт ходимларининг 10 нафари олий, 4 нафари биринчи тоифага эга.

Ўттиз йиллик иш тажрибасига эга Патилахон Турдиеванинг катта ҳамшира сифатидаги фаолиятига 7 йил тўляпти. У тартиб-интизомни яхши кўради. Ҳамширалардан ўз устида ишлашни, беморларга хушмуомала бўлишни, янгиликларга интилишни, ўқиб-ўрганишни талаб қилади.

– Ўтказилган хатлов натижалари ва скрининг текширувлари бизнинг олдимизга кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўйди, – дейди Патилахон Турдиева. – Фуқароларни керакли мутахассис кўригига йўллаш, даво чоралари кўрилиши ҳамда 3 ва 4-ҳавф гуруҳидаги беморлар саломатлигини назорат қилиш – зиммамиздаги энг муҳим вазифа. Оилавий шифокорлик пунктимизда зарур шарт-шароитларнинг мавжудлиги, жумладан, бинонинг 2021 йилда капитал таъмирдан чиқарилгани, 8 турдаги биокимёвий таҳлиллар ўтказиш имкони яратилгани, ЭКГ ва бошқа тиббий аппаратларнинг келтирилгани фаолиятимиз самарадорлигига хизмат қилмоқда. Оилавий шифокорлик пунктимиз кунлик 50 қатновга мўлжалланган. 4 ўринли кундузги шифохонада эса беморлар навбат кутишларсиз тиббий муолажаларни олишяпти.

Ҳудудда 3326 нафар туғиш ёшидаги аёллар истиқомат қилади. Уларнинг 890 нафари 35-55 ёшда. Улар йил бошидан буён белгиланган жадвал асосида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бачадон бўйни саратони касаллиги бўйича кальпоскопик текширувлардан ўтмоқдалар.

– Шу кунгача 200 нафарга яқин аёл ана шундай текширувлардан ўтган бўлса, уларнинг 8 нафари саратонолди ҳолатига гумонли деб топилди ва улар вилоятга – мутахассис кўриги ва чуқурлаштирилган тиббий таҳлиллар учун юборилди, – дейди доя Манзура Тожибоева. – Олинган хулосалар асосида барчалари бугун даво муолажаларини оляптилар. Улар тиббий текширувларга жалб қилинганларидан хурсанд. Чунки бу жараёнда шунча аёлнинг хавфли касалликка чалинишининг олди олинди. Мана шундай чора-тадбирларни тўлақонли амалга оширишимизда ҳамшираларимиз жуда фаол. Насиба Нурмирзаева, Фарида Олимжонова, Ўғилхон Жаҳонгирова каби патронаж дояларимиз, Дилшода Шарипова, Малика Мирзаева, Мунира Сатторова каби патронаж ҳамшираларимиз бир-бирларига ҳар жиҳатдан намуна бўлишяпти.

Доянинг тўлқинланиб гапирганича бор. Оилавий шифокорлик пунктига ташриф буюрганларнинг кўпчилигидан врачлару ҳамширалар ҳақида фақат илиқ сўзларни эшитдик. Уч кундан буён пунктнинг кундузги шифохонасида ҳомиладорлик токсикози туфайли даво муолажаларини олаётган Салимахон Мусаева, ЭКГ текширувидан ўтган Акмалжон Садриддиновлар муолажа ҳамшираси Ҳилолахон Тўл­қинжонова ва амалиёт ҳамшираси Дилшода Шарипованинг ширинсуханлигию тажрибалилигини алоҳида таъкидлашди. Олий тоифали шифокор Шаҳрибону Холбоева, врачлар Сардорбек Аминжонов, Аброржон Адҳамовларни аҳоли саломатлиги учун қайғураётган жонфидо шифокорлар дея эътироф этдилар.

Биз халқимизга сидқидилдан хизмат кўрсатаётган бу фидоийларнинг ҳузуридан қайтар эканмиз, хулосамиз ўзгармади. Билимини тобора оширишга, уни тажриба билан уйғунлаштиришга одатланган Янгиобод оилавий шифокорлик пункти бежиз туманга намуна бўлгулик даргоҳ эмас экан. Ҳамиша мана шундай мав­қеда бўлинг! – дея тилак билдирдик обод манзилни тарк этар чоғимиз!

Манзура ЭРГАШЕВА.