- Биз мазкур долзарб ва муҳим вазифа ҳар жиҳатдан тўла-тўкис уддаланиши учун аниқ режа-тадбирларга мувофиқ иш ташкилланишини таъминлаш учун мавсум олди кўргазмали семинарини уюштирганмиз, - дейди бош диетолог А. Мадалиев. - Даволаш-профилактика муассасаларининг омборчи ва бош ошпазларига вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги шароитларни, мутасаддиларнинг фаолиятини ўрнак қилиб кўрсатганмиз. - Жойларда худди уларники сингари омборхоналарда намунали шароитлар яратиб қўйилиши юзасидан алоҳида тавсиялар берганмиз. Таҳлилларга кўра айтишимиз мумкинки, сабзавотлар жамғариш Тўрақўрғон, Косонсой, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида анча яхши олиб борилмоқда.

Ҳозиргача пиёз, картошка ва дуккакли маҳсулотлар арзон нархларда келтирилмоқда. Энди эса сабзи, турп ва шолғом сингари сабзавотларни йиғиш бошланади. Фермерлар даласига боришиб, уларни кавлаш, юклаш ва туширишда сифати бузилмаслигига эришишга эътибор кучайтирилмоқда. Албатта, яқин орада жами 397 тонна маҳсулот омборларга жойлаштирилади. Бу, қишга ва эрта баҳорга етарли миқдордир.

Демак, қолган сабзавотларни ғамлашни ҳам кечиктирмаслик, энг муҳими сифатини бузмасдан келтиришга катта аҳамият берилиши зарур. Ана ўшанда ҳеч қайси маҳсулотнинг чиришига, нобуд бўлишига йўл қўйилмайди. Омборхоналардан эса барака аримайди. Беморлар учун барча таомларнинг керакли маҳсулот-масаллиғлари ҳамиша тахт туради.