Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4890, ПҚ-5124, ПҚ-5199, ПҚ-311-сонли қарорлари ижросини таъминлаш баробарида аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизим шакллантирилмоқда. Бу кенг кўламли, ўта масъулиятли тарихий жараёнлар тиббиёт ходимларининг касбий тафаккурини янги тушунчалар билан бойитиш, фаолият тарзини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Айни пайтда аҳолини электронлашган хизмат аҳамияти ва ундан фойдаланишга оид маълумотлардан хабардор қилиш долзарб вазифадир. Ана шу мақсадга қаратилган мазкур саҳифада ДТС механизмларининг айримлари ҳақида сўз юритилади.
ОИЛАВИЙ ШИФОКОР
Оилавий шифокор КТМП ва шифохона мутахассислари билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Беморларни қабул қилади, хонадонларда мақсадли текширишлар ўтказади. Фуқароларнинг анамнезларини жамлайди. Тиббий кўриклар олиб боради. Миллий ва халқаро талаблар асосида ўткир ва сурункали касалликларни ташхислаб, даволайди. Бетобланган катталар ва болаларни миллий стандарт ва протоколларга мувофиқ соғломлаштиради. Тез тиббий ёрдам кўрсатиб, керакли мутахассисга йўналтиради. Тиббий бригада аъзолари фаолиятини индикаторлар асосида баҳолаш ва рағбарлантиришга масъул.
Давлат тиббий суғурта тизими талабларига биноан беморнинг кафолатланган пакет доирасидаги тиббий ёрдам, бепул рецепт асосида дори воситалари олишини электрон тарзда амалга оширади.
АМАЛИЁТЧИ ҲАМШИРА
Бемор оилавий врач қабулига киргунча шифокор олди кўрув хонасида сўраб суриштириш, атропометрия кўрсаткичлари, бўй индекси, қон босими, нафас сони, пульс, тана ҳароратини ўлчаш, ЭКГ, пикфлоуметрия каби текширувларни амалга оширади. Шунингдек, мурожаат қилган фуқарони мустақил қабул қилиш, беморларга маслаҳат бериш ва ўқитиш ваколатига эга. 40 ёш ва ундан катталар ўртасида юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омили бўйича скрининг ўтказади. Юрак-қон томир касалликлари хавфини бирламчи аниқлаш ва оилавий шифокорга юбориш билан шуғулланади.
Сурункали касалликлари бўлган беморларнинг шифокорлар маслаҳатига риоя этиши, текширувлардан ўз вақтида ўтишини назорат қилади. Имконияти чекланган беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва қарияларга мақсадли патронажни оила ҳамшираси билан ҳамкорликда олиб боради.
Шифокор кўргунча барча ёрдамни кўрсатиши керак. 5 ёшгача болаларнинг ўсиш ва ривожланиши скринингини олиб боради. Психомотор ривожланиши ва озиқланишдаги бузилишлар, чаноқ-сон бўғими дисплазияси, бўйин қийшиқлиги, ясси оёқлилик, сколиозни аниқлаш муҳим вазифаларидан.
Болаларни соғломлаштириш ва улғайиши бўйича ҳамширалик протоколларини қўллаш, шифокор тавсиялари бажарилиши, кўрикдан ўз вақтида ўтиши юзасидан назорат олиб боради. Ота-оналарга маслаҳат беради, ўқишларини ташкил этади.
Булардан ташқари, уюшмаган болалар учун ҳар ойлик профилактик эмлашлар режасини ишлаб чиқади. Ҳужжатлар ва ҳисоботлар юритади.
ПАТРОНАЖ ҲАМШИРА
Касалликлар олдини олиш патронаж ҳамширасининг муҳим вазифасидир. Улар иш ташкил этишда универсал-прогрессив патронажни амалга оширади. Яъни, патронаж ташрифларни тўғри режалаштиришни, тўлиқлигини таъминлайди.
Бириктирилган аҳолига режага мувофиқ касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб боради. Ҳомиладор ва туққан аёллар, 1 ёшгача, 5 ёшгача болалар патронажи режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Оиланинг "эхо карта"сини тузади, тиббий, ижтимоий, психологик зиддиятларни аниқлаб, тиббий бригадага тақдим этади. Маҳалла профилактика инспектори билан муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшимча чоралар кўради.
Поликлиникада ташкил этилган "Оналар мактаби"га ёш оналарни жалб қилиб, 1 ёшгача болаларни чўмилтириш, парваришлаш, 6 ойликдан қўшимча овқатлантириш, 5 ёшгача болаларда ич кетар, шамоллаш касалликларининг хавф омилларини аниқлашни амалий тарзда ўргатади. Жадвалга биноан болаларни профилактик эмлатиш, реакциялар ва асоратлар юзасидан патронажни амалга оширади. Диспансер ҳисобида турадиган ва тиббий чеклови бўлган болаларнинг врач кўригини ташкиллайди. 5 ёшгача болаларнинг ўсиш ва ривожланишини мунтазам мониторинг қилиб бориш вазифаларини бажаради.
Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишда тиббиёт ходимларига кун бай эмас, иш бай ҳақ тўлаш механизми йўлга қўйилади. Бунда муассасада соғлом рақобат муҳити яратилади. Бу ўз навбатида ўрта тиббиёт ходимлари патронаж ҳамшираларини ҳам ўз устида ишлашига, доимий билимини бойитишга, малака тоифасини оширишга, касбига масъулият ва садоқат билан ёндашишга ундайди.
ТИББИЙ ЁРДАМНИНГ КАФОЛАТЛАНГАН ҲАЖМЛАРИ
Давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари ҳажми (кафолатланган пакет) – аҳолига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатиладиган бепул тиббий ёрдамдир.
Кафолатланган пакет бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ҳамда шифохоналар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади.
Кафолатланган пакет давлат муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис ва даволаш клиник стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ амалга оширилади.
Дори воситалари тиббий кўрсатмаларга асосан оилавий шифокор ва даволовчи шифокорларнинг тавсиясига кўра, тегишлилиги бўйича даволаш-профилактика муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган формулярлар асосида белгиланган ҳажмда бепул берилади.
Кафолатланган пакет қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) шошилинч ва тез тиббий ёрдам;
2) бирламчи тиббий-санитария ёрдами (амбулатор-поликлиника ва консультатив-диагностика ёрдами, кундузги стационар ва стационарда кўрсатиладиган тиббий ёрдам, туғруққа кўмаклашиш ёрдами);
3) тиббий реабилитация ва аҳолининг айрим қатламларига кўрсатиладиган паллиатив ёрдам.
ДАВОЛАНИШ УЧУН ЙЎЛЛАНМАНИ КИМ БЕРАДИ?
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида бемор туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарида даволаниш учун йўлланмани оилавий шифокор кўригидан ўтгач, тор соҳа мутахассиси тавсиясига кўра, электрон тарзда олади. Яъни, аввалги қоғозбозликларга барҳам берилиб, бемор йўлланмани қўлига ҳам олмайди. Оилавий шифокорнинг ўзи ушбу ҳужжатни ва беморнинг касаллиги ҳақидаги маълумотларни керакли шифохонага электрон тизим орқали юборади. Йўлланма асосида унга кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
Асосий мақсад жараён рақамлаштирилган тизим орқали амалга оширилиб, даволаниш учун йўлланмаларнинг навбатларсиз, сарсонгарчиликсиз тақдим этилишидир.
ИМТИЁЗЛИ ДАВОЛАНИШ ҲУҚУҚИ
Юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган имтиёзли тоифадаги шахсларга йўлланма Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "mis.ssv.uz" ахборот тизими орқали шакллантирилади.
Бемор тўғрисидаги маълумотлар яшаш жойидаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг тегишли тор соҳа мутахассиси томонидан ахборот тизимига киритилади. Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан шартнома асосида фаолият олиб бораётган муассасага бемор маълумоти келиб тушади. Имтиёзли тоифадаги шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан шартнома асосида фаолият олиб бораётган муассаса ўртасида MedRefer электрон дастур ишлаб чиқилган. Ушбу дастурга бемор учун юқори технологик амалиётга сарфланадиган маблағ киритилади. Юқори технологик амалиёт учун сарфланадиган маблағ базавий нархлар доирасида Давлат тиббий суғурта жамғармаси бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Муҳамаджон ОБИЛОВ.
(Мақола ССВ матбуот хизмати, ДТСЖ Матбуот ва PR хизмати маълумотлари асосида тайёрланди).