"Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни" ва 11 ноябрь – "Касаба уюшмалари куни" олдидан Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Фарҳоджон Ханапияев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси Ҳасанбой Хожаев, Турон ФА вице-президенти Соҳиба Аъзамова иштирокида "Очиқ мулоқот" учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирга вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг фаол иш берувчилари, касаба уюшма фаоллари, фахрийлари, бошланғич ташкилот раислари, ғазначилар, тафтиш комис­сияси раислари, ташаббускор ёшлар таклиф этилди.

Фарҳоджон Ханапияев ўз сўзида таъкидлаганидек, қисқа даврда Янги Ўзбекистоннинг – Янги касаба уюшмалари шаклланди. 2019 йил 6 декабрда "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши меҳнаткашларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишни янги бос­қичга олиб чиқиш имконини берди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси фаолияти Халқаро касаба уюшмалар Конфедерацияси томонидан юқори баҳоланиб, Жамоат хизмати Интернационалининг Европа Федерацияси (ЕРSU) томонидан "Ўзбекистон халқаро майдонда лидерлардан бири" деб эътироф этилди.

– 2021 йилда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг саъй ҳаракати ва ташаббусига асосан янги Халқаро касаба уюшмаси бирлашмаси – Марказий Осиё Мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди, – деди М. Ханапияев. -Мазкур халқаро бирлашма таркибига Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Мўғилистон мамлакатларининг Миллий марказлари – Федерациялари аъзо бўлиб кирган.

Мамнуният билан эслатиш жоиз, Марказий Осиё мамлакатлари Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Кенгашининг Бош котиби этиб Фарҳоджон Ханапияев сайланган. Халқаро ташкилот штаб-квартираси Тошкентда иш олиб бормоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов яқинлашиб келаётган байрамлар билан муборакбод этиб, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий даволаш ва профилактика тадбирлари жорий этилиши, халқаро ҳамкорлик самараларига тўхталди.

– Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, -деди А. Иминов, – муҳтарам Президентимизнинг тиббиёт тизимига бўлган эътиборлари натижасида, тизимда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги кўплаб хорижий давлатлар экспертлари томонидан юксак баҳоланмоқда. Шунингдек, тармоқ касаба уюшмаси ҳам халқаро майдонда етакчилардан ҳисобланади. Соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ифода этиш борасида юқори натижаларга эришмоқда. Мамлакатимиз тиббиёти ҳам, тармоқ касаба уюшмаси ҳам дунё айвонида етакчи ва ташаббускор давлатлар қаторида эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Турон фанлар академияси вице-президенти Соҳиба Аъзамова тиббиёт йўналишидаги илмий-ижодий, назарий ва амалий тадқиқотлар, фаол ҳамкорлик ва ташаббускорликларнинг қувончли натижалари ҳақида сўз юритиб, бу борадаги изланишлари туфайли академиклик, фахрий аъзолик ва унинг юксак унвону мукофотларига сазовор бўлганлар ҳақида мамнуният билан сўз юритди. Унинг академия иштирокида наманганлик донгдор тиббиёт ходимлари ҳақида китоб яратиш таклифи бир овоздан маъқулланди.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Фарҳоджон Ханапияевга Турон Фанлар академиясининг "Илм-фан соҳасидаги хизматлари учун" эсдалик нишони, "Импульс" тиббиёт институти проректори, фан номзоди Раҳматулло Муҳиддиновга академик илмий унвони, вилоят кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиевга мазкур академиянинг академиклик нишони, диплом ва гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Касаба уюшмаларининг бир гуруҳ фидо­йилари ҳамда фахрийлари Ташаккурнома, Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.