Яқиндагина фойдаланишга топширилган Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мажлислар залида ўрта тиббиёт ходимлари етакчилари учун минтақавий анжуман ўтказилди. "Бош ҳамширалар мактаби" навбатдаги машғулотига Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бош ҳамширалари таклиф этилди.

Қатнашчилар дастлаб бир неча кун аввал мукаммал таъмирлашдан сўнг фойдаланишга топширилган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида яратилган замонавий шароитлар, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизмати кўрсатиш борасидаги намунали фаолият билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг назарий машғулотларга киришилди. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзида тизимда амалга оширилаётган ибратли ишлар, айниқса соҳада кечаётган ислоҳотлар доирасида ўрта тиббиёт ходимлари фаоллигини, касбий кўникмаларини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапириб берди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳамширалик иши бўйича бош мутахассиси Рихси Салиходжаева анжуманнинг мақсад ва вазифалари юзасидан фикр юритди.

Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси чоғида Рихси Салиходжаева "Ўзбекистон-2030" стратегиясида  белгиланган  аҳоли саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ устувор вазифаларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг Қарорлари, уларнинг ижроси юзасидан қабул қилинган Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг буйруқ ва кўрсатмаларининг жойларда ижросини таъминлашнинг ҳолати ҳақида фикр юритди.

Анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш, тиббиёт ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари ва кийиниш мада­нияти масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Олий ҳамширалик иши мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар ҳамда ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимларининг малака тоифаси кўрсаткичларини кўтариш ҳамда патронаж доя­ларни қайта тайёрлаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида тиббий бригада фаолиятини такомиллаштириш ва юқумли бўлмаган касалликларда тиббий бригада ҳамшираларининг вазифалари юзасидан кўрсатмалар берилди.

Рихси Камиловна ўқув анжумани давомида слайдлар воситасида боланинг 5 ёшгача бўлган даврида оптимал ривожланиш ва ўсишини таъминлаш,универсал-прогрессив модель, Беббо-бола саломатлик паспорти иловасини амалиётга жорий этиш, тез тиббий ёрдам хизмати диспетчерлари учун миллий клиник баённомалар ижроси каби масалалар бўйича ҳам батафсил тўхталиб ўтди.