Буйрак кўчириб ўтказиш. Яқин-яқингача бундай ноёб ва юқори технологияли жарроҳлик муолажаси учун юртдошларимиз олис-олислардан нажот излар эдилар. Янги Ўзбекистоннинг замонавий тиббиёти ўша сарсонгарчиликларга барҳам бермоқда. Кардиология, онкология, эндокринология, болалар касалликларини даволашда халқаро андозалардаги юқори технологияли жарроҳлик муолажалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўтган шанбада вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг урлогия бўлимида ўн тўртинчи бор буйрак кўчириб ўтказилди. Бу сафар укадан акага буйрак трансплан­тация қилинди.

Чустлик 41 ёшли Бахтиёр Эсонов кўп йиллар мобайнида буйрак етишмовчилигидан азият чекди. Сурункали гемодиализ муолажасини олиш билан нажот топиб келарди. Укаси 36 ёшли Мирабдулла жигарбандига буйрагининг бирини бериш билан уни азоблардан халос этишга қарор қилди. Маҳаллий мутахассислар мазкур юқори технологик амалиётни Академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг қон-томир жарроҳлик бўлими шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов ҳамда етук жарроҳ Жасурбек Ўринов ҳамкорлигида муваффақиятли амалга оширдилар.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жаҳон андозаларидаги тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланганлиги бундай ноёб оператив даволаш усулларини юқори сифат ва аниқлик билан қўллаш имкониятини бермоқда. Қолаверса, шифокорларнинг дунёнинг етакчи илмий-амалий тиббий муассасаларида малака-ю маҳорат оширишлари, олим-шифокорлар ўтказиб бораётган маҳорат дарслари маҳаллий мутахассислар тажрибасини бойитмоқда.

– Вилоятда сурункали буйрак етишмовчилиги сабабли гемодиализ муолажасига муҳтожлар оз эмас, – дейди урология бўлими мудири, олий тоифали врач Сайфиддин Мамадалиев. – Мақсадимиз юртдошларимизни шу дарддан фориғ этиб, фароғатли ҳаётларини таъминлаш.

– Гемодиализ муолажалари акамдаги сурункали дардни енгиллаштирса-да, бартараф этолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, буйрагимнинг бирини беришга қарор қилдим, – дейди Мирабдулла Усмонов. – Ахир, жисмим соғ бўлса-да, акамнинг азобланишидан қалбим туну кун оғрирди. Мени чексиз қувонтирган ҳол, бу – яқингача пойтахтда қилиш ҳам амри маҳол бўлган оғир операция бугун Наманганнинг ўзида бажарилаётганидир. Тиббиётимиз, шифокорларимизнинг малака ва маҳорати ҳамиша юксалаверсин.

– Жигарчилик энг қудратли ришта экан, – дейди Бахтиёр Эсонов. – Укам ўз буйрагини бериб, умримга умр қўшганини таърифлашга тилим ожиз. Бир неча соат тик туриб амалиётни муваффақиятли ўтказган етук жарроҳлар, меҳрибон ҳамширалар, жонкуяр бекаларга оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.