Мустақиллик байрамининг 33 йиллиги муҳим воқеа – замонавий тиббиёт марказининг ишга туширилиши билан вилоятимиз тарихига янги саҳифа ёзди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган ушбу лойиҳалар тиббий хизматлар соҳасидаги янги босқични белгилаб берди.
Тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, сектор раҳбарлари, нуронийлар, соҳа фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Президентимиз Наманган вилоятига ташрифлари доирасида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази филиалининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар бердилар. Ушбу кўрсатмалар асосида собиқ эндокринология диспансери ўрнида халқаро талабларга мос замонавий марказ фойдаланишга топширилмоқда.
– Бу замонавий тиббий марказ давлатимиз раҳбарининг Наманган вилояти аҳлига ажойиб туҳфасидир. Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шубҳасиз, халқимизнинг соғлом ҳаёт кечиришлари учун катта аҳамиятга эга бўлиб, келгусида янада кўпроқ натижаларга эришишимизга хизмат қилади, – деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик сўзида.
Бу ерда 2 та 30 ўринли бино мукаммал таъмирланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш, диагностика ва даволаш хизматлари учун ихтисослашган беш қаватли бино қурилди. Ушбу ишлар учун маҳаллий бюджетдан 24,2 миллиард сўм сарфланди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 10 миллион АҚШ доллари кредит маблағлари йўналтирилди. Натижада филиалда йилига 10 минг нафардан ортиқ беморларни стационар шароитда даволаш, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, 40 мингга яқин шикастланганларга амбулатор хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, марказда травматология ва ортопедия йўналишида илмий тадқиқотлар олиб борилиб, даволашнинг энг илғор тажрибалари татбиқ этилади.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.