Абдулҳоди ИМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида барча соҳаларни муттасил ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш масаласига ғоят долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Хусусан, тиббиётда кечаётган ислоҳотлар туфайли эзгу мақсадлар йўлида дадил қадамлар ташланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва топшириқлари асосида соҳа ишини янги босқичга кўтариш учун тизимнинг барча йўналишларида хизмат сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Тиббиётни халққа яқинлаштириш, даволаш ва профилактика ишлари натижадорлигини ўстириш доимий диққат марказида турибди. Янги технологияларни татбиқ этиш, шифокорлар билим ва кўникмаларини давр талаблари асосида юксалтириш масаласига ҳам устувор аҳамият берилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятидаги ўзгаришларни, аввало, бирламчи тизимдаги янгиланишлардан яққол билиш мумкин. Бугунги кунда вилоятда 14 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 82 та оилавий поликлиника ва 101 та оилавий шифокорлик пункти иш юритмоқда, шунингдек, 161 та маҳалла тиббиёт масканлари очилган. Улар одамлар энг кўп мурожаат қиладиган даргоҳлар бўлиб, профилактик ва соғломлаштириш тадбирлари марказига айланган. Тиббий хизматнинг энг зарур жараёнлари мана шу муассасалардаги саломатлик посбонлари зиммасига тушмоқда.

Шунинг учун ҳам бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари моддий-техник имкониятларини ривожлантириш, уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари касбий маҳоратини ошириш, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари вакилларини сафарбар этган ҳолда қуйи бўғин хизмат даражасини тобора кўтаришга эътибор кучайтирилмоқда. Истиқлолимизнинг 33 йиллиги арафасида Поп, Чуст, Чортоқ, Норин, Учқўрғон, Давлатобод туманлари ва бошқа ҳудудларда фойдаланишга топширилган ўнлаб тиббиёт масканларида яратилган қулайликлар бирламчи тизим ишини янги босқичга олиб чиқиш сари қўйилган муҳим одимлардир.

Жорий йилда Инвестиция дастури доирасида ўндан ортиқ объектда умумий қиймати 65 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳалар бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари пировардида нафақат бирламчи тизим, балки бутун вилоятимиз тиббиёти замонавий бино ва иншоотларга эга бўлмоқда, уларда хизмат кўрсатиш даражаси давр талабларига мувофиқ янада тараққий этиб бормоқда. Жумладан, Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси биносининг реконструкция қилиниши натижасида у минтақада барча зарур шароит ва қулайликларга эга ягона бирламчи тизим масканига айланди.

Тиббиётни замон талаблари асосида такомиллаштириш жараёнларини вилоятимиздаги ихтисослаштирилган муассасалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ке­йинги йилларда РШТЁИМ, РИЭИАТМ ва РИКИАТМ Наманган филиаллари, ВБКТТМ ва бошқа шифохона бинолари қайта қурилди ҳамда реконструкциядан чиқарилди. Яқинда тақдимоти ўтказилган Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали нафақат маҳобати, балки тиббий хизматни янги босқичга кўтаришдаги салоҳияти билан ҳам эътиборга лойиқ. Уни энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 10 миллион АҚШ долларига яқин сармоя сарфланаётгани ана шундан далолат бериб турибди. Филиалда травматология ва ортопедия соҳаси доирасида илмий тадқиқотларгача ҳам йўлга қўйилиши ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Вилоятда оналик ва болалик муҳофазаси йўналишида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Самарали бошқарув тизимини яратиш мақсадида қатор муассасалар бирлаштирилиб, вилоят перинатал маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳудудий филиали ташкил этилди. Чуст, Уйчи ва Янгиқўрғон туманлари туғруқ комплекслари базасида туманлараро перинатал марказлар очилиб, улар ҳозирги замон тиббий асбоб-ускуналари билан таъминланди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида тилга олса арзийдиган муайян натижаларга эришилмоқда. Ҳозирга қадар 40 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётлари ўтказилган бўлса, уларнинг салкам учдан икки қисми юқори технологик операциялардир. Бир вақтлар вилоят шароитида бажаришни тасаввур этиб бўлмаган эндопротезлаш, стентлаш, юракда очиқ жарроҳлик ва бошқа ўнлаб амалиётлар маҳаллий мутахассислар томонидан пухта ўзлаштирилди.

Шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, тез тиббий ёрдам хизматини тезкор, қулай, замонавий автотранспорт билан таъминлаш, соҳа фаолиятига ахборот-коммуникация тизимларини татбиқ этиш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш борасида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Шунингдек, халқаро ҳамкорликларнинг йўлга қўйилишига эътибор қаратилмоқда. Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Беларусь ва Озарбайжон Республикаларидаги ҳам­касб­лар билан кардиология, шошилинч тиббий хизмат, эндокринология ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами йўналишлари бў­йича мунтазам тажриба алмашиш белгиланган.

Ҳозирга келиб Наманганда тиббиётнинг хусусий сектори ҳам жадал равнақ топаяпти. Бугун улар сони 545 тага етди. Жорий йилнинг ўзида 26 та нодавлат тиббиёт маскани очилди. Пировардида хизмат кўрсатиш доираси янада кенгайди ва сифати ҳам давлат тиббиёт муассасалари билан рақобатлашмоқда.

Фаолиятимизга бугунги кун талаби билан назар солинса, соҳа ишини янги босқичга кўтариш, аҳолини тиббиётдан рози қилиш борасида ҳали кўп изланишимиз лозимлигини яхши биламиз. Айни дамдаги барча саъй-ҳаракатларимиз ана шу эзгу мақсадга қаратилган.