Истиқлол йилларида мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз рағбатлантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ва соҳа ишини янги босқичга кўтаришда алоҳида ўрнак бўлаётган саломатлик посбонларига вазирликнинг мукофотлари берилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг мажлислар залида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов йиғилганларни ва тизимда фао­лият юритаётган барча тиббиёт ходимларини энг улуғ, энг азиз айём билан муборакбод этди.

Тадбирда кўп йиллар самарали хизмат қилиб, эл соғлиғини мустаҳкамлашда ҳамкасбларига намуна бўлаётган фидойи соғлиқни сақлаш ходимлари тақдирланди. Жумладан, Поп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Хўжаобод оила шифокорлик пункти мудири Ҳафиза Жалолова "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони, Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги 8-оила поликлиникаси бош ҳамшираси Светлана Сивалобова ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали юрак-қон томир жарроҳлиги бўлими жарроҳи Нуриддин Баҳриддиновлар эса вазирликнинг "Ташаккурномаси"га сазовор бўлдилар.

А. ҒОЗИЕВ.