"Кексалар саломатлигини муҳофаза Қилиш ойлиги"
Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, нуронийлар, эътибор ва кўмакка муҳтож кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг саломатликларини тиклаш ва маънавий ёрдам беришга қаратилган хайрия тадбирларини амалга оширишга оид топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимининг қўшма қарори асосида "Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш ойлиги" ўтказилмоқда.
Белгиланган чора-тадбирларга биноан ойликка жалб этилган қариялар профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, скрининг дастурлари билан тўла қамраб олинмоқда. Амбулатор, кундузги стационар, уй шароитида даволаниш тавсия этилган беморлар дори-дармон билан бепул таъминланяпти. Сурункали касаллиги борлар назоратга олиниб, индивидуал соғломлаштириш чоралари кўриляпти.
Тиббий кўрикларни уюшқоқлик ва самарали ташкил этишда "Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари", "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари, фаол пенсионерлар соғлиқни сақлаш ходимларига яқиндан кўмаклашмоқдалар.
– Президентимиз ташаббуслари ва бевосита назоратлари остида нуронийларни тиббий кўриклардан ўтказиш, саломатликларини яхшилаш мунтазамлик касб этганидан беҳад хурсандман, – дейди уйчилик таълим фахрийси Эргашбой Долимов. – 40 йил сидқидил хизмат қилган бўлсам, кексаларга қадр-қимматни энди кўряпман. Поликлиникага бора оладиганларгина эмас, ётиб қолган қариялар ҳам бирдек эътиборда. Кўрикдан ўтказибгина қолмай, ўз-ўзидан даволашга киришяптилар. Хизматлар, дори-дармонлар бепул. Биз фахрийлар мана шундай аъло даражадаги тиббий хизматдан чексиз миннатдормиз.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бўлими мутахассиси Барчиной Аҳмедова тақдим этган маълумотга кўра, 9 сентябргача 125 минг нафарга яқин нуроний амбулатор-поликлиника, 23 минг 500 дан ортиқ отахон ва онахон уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 142 минг 470 нафарида неврологик, кардиологик, офтальмологик, урологик, эндокринологик, стоматологик ва бошқа касаллик аломатлари аниқланиб, уйда, кундузги шифохоналар, стационар муассасалар, тиббий марказларда соғломлаштирилмоқда.
Ойлик тадбирлари 20 сентябргача давом этади.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.