Мамлакатимиз Президенти томонидан тинчлик ва саломатлик масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, эл соғлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, соҳага ажратилаётган инвестициялар кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Айни шу ғамхўрлик самарасида Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси қошидаги кўп тармоқли марказий поликлиника биноси Мустақиллик байрами арафасида кўркам ва замонавий қиёфага кирди.

Олти қаватдан иборат шифо масканини капитал реконструкциядан чиқариш учун давлат бюджетидан 11 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилди. Бунинг натижасида аҳолига сифатли бирламчи тиббий хизматлар кўрсатиш имконияти юзага келди.

Салкам қирқ йилдан сўнг таъмирдан чиқарилган ушбу поликлиника вилоят марказидаги 63 та маҳаллада истиқомат қилувчи 356 мингдан ортиқ аҳолига малакали хизмат кўрсатишга мослаштирилди.

– Бугунги кунда поликлиникамизнинг қуввати 850 қатновга етказилиб, 244 нафар малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходими фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Наманган шаҳар марказий поликлиникаси мудирининг ўринбосари, олий тоифали врач Мушаррафхон Собирова. – Лаборатория, диагностика, стоматология, болалар, оилавий шифокорлар, аёллар маслаҳатхонаси, тор соҳа мутахассислари бўлимлари УТТ, ФГДС, ЭКГ, ЭЭГ, ЭХО, кольпоскопия, холтер каби сўнги русумдаги тиббий аппаратлар ва жиҳозлар билан таъминланди. 20 койкали кундузги даволаниш бўлимида эса беморлар учун бошқа шифохоналарга боришга эҳтиёж қолмайди.

Поликлиниканинг очилиш маросимида қатнашган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тамомила янгиланган муассасада фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, аҳоли саломатлиги йўлида қайғуриш ҳар бир шифокору ҳамширанинг қалб амрига айланиши зарурлигини қайд этди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.