Хабарингиз бор, Наманганда йирик лойиҳалардан бири – Янги Наманган шаҳарчаси қурилмоқда.

Давлатобод туманида амалга оширилаётган лойиҳалар ичида 6,1 миллиард сўмлик инвестиция дастури доирасида қурилган янги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ҳам бор. Яқинда унинг тақдимоти ўтказилди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик сўзида соғлиқ ва тинчлик инсон учун энг юксак бойликлар эканини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Уч қаватли мазкур бинода бактериология, паразитология, санитария-гигиена, эпидемиология ва иммунопрофилактика йўналишларида замонавий лабораториялар ташкил этилган. Яратилган шароитлар вилоятнинг санитария-эпидемиологик хизматлари самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.