Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан Наманган вилоятида фойдаланишга топширилган объектларнинг катта қисми ижтимоий соҳани қамраб олгани аҳамиятли. Бунга байрам кунлари вилоят марказидан тортиб, энг олис ҳудудларгача элга хизматни бошлаган ўнлаб масканлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Поп туманидаги "Олтинкон" оилавий шифокорлик пункти ҳам тоғли ҳудуд аҳолисига байрам туҳфаси бўлди.

Қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг янгича кўринишга келган мазкур тиббий масканнинг очилиши катта шодиёнага айланиб кетди.

Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталди. Ҳудуд аҳлини барча шароитларга эга замонавий тиббий маскан билан қутлади.

Мазкур муассаса 40 ўринли шифохона бўлими, 50 қатновли оила шифокорлик пункти ва тез тиббий ёрдам бўлимидан иборат. Бу тиббиёт масканлари биноларини мукаммал таъмирлаш учун 5 миллиард 858 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Нуронийлар иштирокида рамзий лента қирқилгач, йиғилганлар бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.