Биз, тўрақўрғонлик тиббиётчиларнинг қадр-қимммат, меҳр-оқибат, касбга муҳаббат, моддий-маънавий рағбат манбаимиз бор. У ҳам бўлса, Шаҳноза Кимёназарова раҳбарлик қиладиган касаба уюшмасидир. Шаҳнозанинг ташаббускорлиги, оқилона ташкилотчилиги, уюшма фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан мунтазам ўтказиб борилаётган қизиқарли тадбирлар, туғилган кун, авлодлар учрашувлари, фахрийлар йўқловлари, ўтганларимиз хотира кечалари – ҳамма-ҳаммаси туман шифокорларини бир маслак, бир мақсад теварагида жипс­лаштириш, ягона оилага айлантиришда жуда катта роль ўйнамоқда.

Истиқлолимизнинг 33 йиллиги муносабати билан берилган дам олиш кунлари уюшма ҳисобидан рўйи заминнинг сай­қали Самарқанд, шариф шаҳар Бухорога саёҳатимиз ғоят мароқли, сермазмун кечди. Элликдан ортиқ тиббиёт фахрийлари, поликлиникаларда ишловчи врачлар, ўрта тиббиёт ходимлари тўрт кун мобайнида улуғ аждодларимиз яшаб ижод этган тарихий обидалар зиёрати, мустақиллик шарофати билан бунёд этилган гўзалликлардан баҳраманд бўлдик.

Бу саёҳат тарихимизга ҳурмат, халқимизга меҳр, Ватанимизга муҳаббат, касбимизга садоқатимизни янада оширди. Айниқса, ёши, йўналишидан қатъий назар барча шифокорларни қалбан яқинлаштирди. Олган руҳий мададимиз соҳамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пешқадами бўлишга, юртдошларимиз саломатлиги йўлида тағин ҳам фидойилик қилишга ундамоқда.

Манзура РАҲМОНОВА,

Маъруфжон РАҲМОНОВ,

Бахтиёр АЛИМОВ,

Дилфузахон АЛИМОВА.