Тошлоқ Норин туманида миришкор пахтакорлари билан ном қозонган қишлоқ. Истиқлол берган беқиёс имкониятлар ер эгаларини янада унумли меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштиришга бўлган иштиёқларини жўш урдириб юборган. Буни барча фермер хўжаликлари далаларида бунёд этилган "оқ олтин" тасдиқлаб турибди. Эндиги вазифа эса ана шу юрт бойлигини нест-нобуд қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан тезроқ йиғиштириб олишдан иборат.

- Кузнинг ҳар дақиқаси ғанимат. Буни дилдан англаб етган аҳоли енг шимариб ишга киришди, - дейди қишлоқ фуқаролар йиғини раиси  Қодиржон Умаров. - Ҳамқишлоқларимизни теримга сафарбар этишда жамоатчилик Кенгаши аъзоларидан Ўктамжон Асқаров,  Тўлқинжон Ботиров ва бошқа меҳнат фахрийлари жонбозлик кўрсатишди.

Дарҳақиқат, бугун  қишлоқнинг барча маҳаллалари вакиллари якдиллик билан далаларда мардонавор меҳнат қилишмоқда. Бўритепа, Тўлқин, Қизилтов, Тошлоқ маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудларида яшовчи   аҳолидан шаклланган  терим отрядлари юқори унумдорлик сари интилмоқда. Жумладан, биргина Тошлоқ маҳалласидан ҳашарга чиққан кўп сонли ҳашарчилар "Зиё" "Музофот она ўғли Абдурашид" фермер хўжалиги даласига барака киритишди.

- Терим пуллари ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинаётганлиги, айниқса, илғорларни рағбатлантиришга эътибор кучайтирилгани қалб амри билан пахтазорда тер тўкаётган ҳашарчилар ғайратига ғайрат қўшмоқда, - дейди МФЙ раиси Сирожиддин  Омонов. - Раҳимахон Қулиева ўтган куни 198 килограмм пахта терди. Одина Тиллабоева эса 170 килограммлик натижага эришди. Терим пешқадамлари сафи кенгайиб боряпти.

- Сидқидилдан қилинган ҳалол меҳнат ўз самарасини берди, - дейди Ўктамжон ака Асқаров. - Фермерларимиз шартномавий мажбуриятдагидан ҳам зиёда ҳосил яратдилар. Қарангки, "Абдувойид ўғли Абдуллажон" фермер хўжалигида биринчи  теримнинг ўзидаёқ ҳар гектар ердан 34 центнердан орттириб саноат хом ашёси йиғиштириб олинди. Бу жуда ҳам юқори кўрсаткич. Шундай экан, терим суръатини янада ошириш, даладаги эл бойлигини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб олиш учун сафарбарликни тағин кучайтиряпмиз.  Оқсоқолу, фахрийлар даъватимиз, шахсий намунамиз билан оммани далага чорлаяпмиз.

Ҳудудга ташриф буюрган тар­ғибот гуруҳи аъзолари Наманган муҳандислик-педагогика институти ўқитувчилари Равшанбек Бакиев, Илҳомжон Холмирзаев, Баҳодир Мирзажоновлар билан биргаликда терим жараёни бораётган фермер хўжаликларида бўлдик. Юқори натижаларни қайд этаётган олийҳиммат ҳашарчиларга офаринлар айтдик. Қизилтов маҳалласидан бориб, "Беҳзод Ҳусанбой ўғли" фермер хўжалиги даласида мардонавор меҳнат қилаётган Наргиза Қурбонова, Назокат Эргашева каби фидоийларга совғалар топширилди.

Тўрақўрғон далаларида ҳам юксак уюшқоқлик ҳукмрон. Маҳалла фаоллари ўзларининг шахсий ибратлари билан туман аҳлини пахтазорга чорлашяпти. Паст Найманча маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктамхон опа Аҳмедовани "Сер­қуёш Тўрақўрғон" фермер хўжалиги даласида белга этак боғлаб ҳашарчилар қаторида тер тўкаётганида учратдик. Унга эргашган ўнлаб опа-сингиллар бугун кечагидан кўпроқ пахта теришга аҳд қилишган. Бинобарин Маҳмуда Умарова, Ҳамида Маҳмудова, Майрамхон Худойбердиева сингари ҳашарчилар юксак натижалари билан маҳалладошларига ибрат кўрса­тишяпти.

- Хўжандликларнинг ҳамжиҳатлиги  йиғим-теримдаги уюшқоқликда яққол намоён  бўляпти, дейди туман ҳокимлиги вакили Алижон Абдуллаев. - Қўшқайрағоч, Паст Найманча, Хўжанд маҳалла фуқаролар йиғинларидан келган фидокорлар  меҳнатига тасаннолар айтса арзийди.

Чуст далаларида ҳам терим суръатини янада ошириш учун астойдил меҳнат қилинмоқда. Қишлоқ ва маҳаллалар фуқаролар йиғинлари мавсум  тизгинини ўз қўлларига олишган. Улар томонидан тузилган ҳашарчилар отрядлари фурсат ғаниматлигини қалбан ҳис этиб, самарадорликни оширишда камарбасталик қилишаётир. Жумладан, Сайфулла Мансуров  раислигидаги "Боғи Эрам" МФЙ аҳли ҳам пахтакорларга яқиндан мадад кўрсатяпти. Салима  Халилова, Гулшода Азизова, Манзура Алимбекова, Мамлакат Муталлиева, Эъзоза Тур­ғунова, Нилуфар  Халиловалар 100 килограммдан ошириб пахта  теришга муваффақ бўлишмоқда.

Тарғибот гуруҳи қайси ҳудудда бўлмасин ана шундай  кўтаринкиликнинг устидан чиқмоқда. Терим илғорларини рағбатлантириш, ҳашарчилар кўнглини шод айлаш чоралари кўрилаётир. Ижодкорлар Дилбар  Ҳайдарова, Руқия  Ғозиева,  Иброҳимжон  Маҳкамовлар,  Алишер Навоий номли вилоят мусиқали драма театри хонандаси  Холисхон Турсуновалар томонидан ташкилланаётган  шеърхонлик, бадиий чиқишлар кўпчиликнинг ёдида қолаяпти.

- Профессор ўқитувчилар томонидан олиб борилаётган ташвиқот ишлари ҳам қайд этилаётган кўрсаткичларда ўз ифодасини топяпти, - дейди Наманган муҳандислик-педагогика институти олий  математика кафедраси доценти, физика-математика фанлари номзоди Олимжон  Эгамбердиев. - Бу борада доцентлар Икромжон  Сирожиддинов, Зоҳиджон  Тўраев,  Соттихон  Саидов, Шерзод  Абдураҳмоновлар айниқса фаол иш олиб боришяпти.

Тарғибот гуруҳи аъзоларининг дала кезишлари  бардавом. Юксак хирмон тақдири ҳал бўлаётган айни долзарб паллада юрт равнақи учун  сидқидил меҳнат қилаётган ватанпарвар ҳамюртларимизни мадҳ этиш, уларни янги зафарлар сари чорлаш учун маданий- маърифий хизматлар доираси янада кенгайтирилиб борилаверади.

Абдулла ҒОЗИЕВ,

тарғибот гуруҳи аъзоси.