Миржамол Мирумарович билан бирга наманганлик интервенцион- кардиологлар Акмалжон Жалилов, Аброржон Абдуллаев ва Бахтиёр Камолиддиновлар ёнма-ён туришди. Ўн олти ёшли бемор, уйчилик Абдумалик Давлаталиев ўпка артерияси стенози билан операция столига ётқизилганди. Катетр ёрдамида веноз қон томир орқали кескин торайган ўпка артериясига етиб борилди. Тиббиёт тили билан айтилганда, баллонли вальвулопластика амалиёти беҳад эҳтиёткорлик ҳамда сергаклик вазиятида тўкис бажарилди. Янаям аниқроғи, ўпка артериясининг кескин торайган қисмига митти "баллон" киритилиб, унга насослаб ҳаво юборилди. "Баллон"ча шиширилгач, томир мажбуран кенгайди. Маълум дақиқалардан сўнг, амалиёт кутилган самара берганига тўла ишонч ҳосил қилингач, "баллон"­ча ортга қайтарилди 30 - 35 дақиқа ичида беморнинг қон томиридаги нуқсони бартараф этилди.

Кейин эса иккинчи бемор - мингбулоқлик йигирма бир ёшли Муқаддам Азизова олиб кирилди. У юракнинг 2 табақали клапани торайиши нуқсонидан жабр тортарди. Вена томиридан йўл топиб, нуқсонли нуқтага "етиш" интервенцион-кардиологлар учун осон кечмади. Шифокорлар компьютер монитор орқали ички жараённи кузатиб, иллатли манзилда яна митти "балон"ни ишга солишди. Бу амалиётга ҳам ярим соатча вақт сарф­ланди, холос. Устозу шогирдлар ҳамкорлигида тиббиётдаги янги қадамлар қутлуғ кечди. Шу куни тўрт бемор-танаси кесилмай юрак-қон томири хас­талигидан фориғланишди.

- Энг муҳими, улар эртасигаёқ оёққа туришди, - дейди мамнуният билан марказнинг рентгенэндоваскуляр бўлими бошлиғи, олий тоифали интервенцион-кардиолог Акмалжон Жалилов. - Бунда бизга Кореянинг Женерал Электроник (General Elektronic) компаниясида ишлаб чиқилган универсал стационар анигиографик қурилма-аппарати қўл келди. Биз соҳамизнинг келажаги янада порлоқ бўлиши учун бундан буён ҳам ўқиб-ўрганишга астойдил бўлаверамиз. Устозимизнинг ишончларини оқлашга тинмай интилаверамиз.

Дарвоқе, бундай операциялар авваллари фақат пойтахтда, беморга наркоз бериб, танасини кесиб очиш усулида адо этиларди. Жароҳат излари, операция асоратлари сезилиб қоларди. Энди эса пойтахтдагинамас Наманганда ҳам аъло даражада уддаланяпти. Юқоридагидек бунда хастаю, шифокор асло қийналмайди.

Оғир касалли беморлар эртасигаёқ марказни тарк этаётгани ҳайратланарли ҳол, албатта. Уларнинг стационар шароитда даволанишларига сира-сира хожат йўқ. Жарроҳлик амалиёти ўтказилган жой асоратсиз битиши, томирнинг қайта торайиши олдининг олиниши мақсадида беморларга яллиғланишга қарши антибактериал, антиаритмик гуруҳдаги дорилардан амбулатор шароитида ичиб туришлари тавсия қилинади.

Тошкентдан ташриф буюрган устоз жарроҳ Миржамол Зуфаров марказдаги беморларни кўздан кечириб, уларга фойдали маслаҳатларини ҳам аямади. Икки кунлик "Маҳорат дарси" сабоқлари ҳамкасбларнинг бундан буёнги фаолиятида ғоят асқотиши шубҳасиз.

Содиқ САЙҲУН.