Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида саломатликни мустаҳкамлашга оид янги анъана бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6099-сонли Фармонида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш вазифаси белгиланган.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида филиалда қатор ибратли ишлар амалга ошириляпти. Аввало, жамоатчилик асосида "Спорт тарғиботчиси" та­йинланиши бу борадаги фаолиятни режали ва самарали юритиб боришнинг муҳим омили бўлди. Бинобарин, лаборатория мудири, маънавий-маърифий ишлар масъули Аҳаджон Кўканов ташкилотчилиги асосида мунтазам равишда ишлаб чиқариш ва даволаш гимнастикаси машқлари йўлга қўйилган. Иш вақтидан таш­қа­ри соатларда муассаса ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланиши таъминланяпти.

Тегишли жадвалга биноан ходимлар, уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа турлар бўйича оммавий мусобақалар ташкил этилмоқда. Мазкур спорт тадбирларининг ғоят кўтаринки, байрамона руҳда, "шоу" кўринишида ўтказилиши, ғолиб ва совриндорларнинг муносиб рағбатлантирилиши нафақат иштирокчилар, балки томошабин сифатида қатнашаётганларнинг ҳам жисмоний фаоллигини кучайтирмоқда.

– Ҳудудлардаги скрининг тадбирлари чоғида аҳолига организмнинг умумий фаолиятини яхшиловчи, дард­ни енгишга кўмаклашувчи жисмоний тарбия машқларини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан изчил тар­ғиб этиб бормоқдамиз, – дейди Аҳаджон Кўканов. – Ходимларнинг бу борадаги билим, тажриба ва маҳоратларини тобора ошириш, саломатликларини мустаҳкамлаш, руҳий-маънавий камолотга эришишларини таъминлаш мақсадида "Саломатлик эстафетаси" анъанаси йўлга қўйилди. "Хотира ва қадрлаш куни" ва "Халқаро ҳамширалар куни"га бағишланган спорт байрамида барча бўлимлар жамоаси таркибидаги 80 нафар врач, ҳамшира, кичик тиббиёт ходимлари волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, саватга тўп тушириш бўйича куч синашдилар.

Филиал ҳудудидаги 43-ўрта умумтаълим мактаби спорт кошонаси томошабин сифатидаги ходимлар ва шу нажотхонада шифо топаётган беморлар билан тўлди.

– Олаётган муолажаларимдан беҳад мамнунман. Аммо шифокорларимизнинг бугунги спорт байрами ҳаммасидан зўр малҳам бўлди. Улар ўз соҳасининг кучли билимдони, қолаверса нечоғлик самимий, ўктам, бир-бирларига ҳурмат-иззат, аҳилликлари ҳамда спортда ҳам моҳир эканликларини кўриб бирам ҳавас қилдим. Уйга қайт­гач, оила аъзоларим ўртасида қувноқ беллашувлар ўтказиш ниятидаман, – дейди даволанувчи Маҳбуба Мўминова.

Бир қарашда мазкур мусобақада ўринлар унчалик аҳамиятли эмасдек. Ҳақиқатан, Маҳбуба опа айтган эзгулик, эзгу фазилатлар ғолиб! Аммо беллашув низомига кўра, жамоалар натижаси эълон қилиниши керак. Бу масала ечими вилоят ва республика тоифасидаги ҳакамлар учун осон кечмади. Чунки уларнинг кўз ўнгида филиал шифокорларининг эмас, деярли профессионаллар маҳорати намоён бўлган эди. Шундай қилиб, волейбол бўйича лаборатория бўлими, стол тенниси баҳсида врач-лаборант Феруза Ота­боева, шахмат-шашка йўналишида шифокор Ҳабиба Раҳимова, саватга тўп туширишда нефрология бўлими врачи Нилуфар Турдиалиева биринчи ўринни эгаллашди.

– "Саломатлик эстафетаси" доимий анъанамиз бўлиб қолишини истаймиз. Руҳий-жисмоний жиҳатдан қувват бағишлашда бунга тенг келадиган адреналин камдан-кам. Завқ-шавқ билан ўтган мусобақада барчамизнинг бирдамлигимиз, даволаш-профилактика ишларигина эмас, жисмоний фаоллик, спорт билан шуғулланишдаги намунамиз билан ҳам беморларда соғайишга, ҳаётга бўлган иштиёқни оширишдек орзу-мақсадларимиз намоён бўлди, -дейди поликлиника мудири, вилоят бош эндокринологи Баҳодир Давлатов.

Мусобақа ғолиблари диплом, кубок, медаль, совринлар билан тақдирланди.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.