Хотира – мангу дил чироғи. У қалбимизда, онгу шууримизда яшар экан, ҳамиша мунаввар туйғулар туғён ураверади. Гарчи бу кун даставвал Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалаба кунини нишонлаш, унинг қатнашчиларини эсга олиб, шарафлаш тарзида белгиланган бўлса-да, эндиликда янада кенг қамров касб этгани айниқса маъқулу манзур. Яъни, умуман, халқимиз бахту саодати учун курашган ота-боболаримизни ёдга олиш, истиқлолли юртимиз тарақ­қиёти учун меҳнати синган ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш айёми сифатида ғоят ардоқли байрамга айланиб қолди.

Халқимиз шундай дориломон кунларга етиб келгунга қадар ҳаётнинг не-не синовларидан ўтди. Бу йўлда катта йўқотишлар ҳам бўлди. Пок ниятли ота-боболаримиз адолатни қарор топтириш, тинч-тотув турмушни таъминлаш учун курашдилар. Ўтган асрнинг энг қора кунлари – Иккинчи жаҳон уруши не-не азамат йигитларнинг шаҳид кетишига сабабчи бўлди. Қанчадан-қанча кишилар жанггоҳлардан майибу мажруҳ қайтдилар. Яна ёшларга мардлик ва матонат тимсоли бўлиб, фахру ғурур билан яшадилар. Бугун эса, ўша мудҳиш вақтлар орт­да қолди. Ўша Ватан ва халқ бахту саодати учун курашганлар ҳам орамизда камдан-кам. Бугун ёнимизда бўлмаганлар ёдимизда яшашмоқда. Уларни номма-ном санай десак, саноғига етолмаймиз. Халқимиз ҳозирги нурафшон ҳаётга, истиқлолимизга курашларда қурбонлар бериб эришганлигини ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Тиббиётчилар – ҳамма замонларда ҳам одамлар соғлиғининг садоқатли посбонлари ҳисобланишади. Улар уруш даврида ярадорларни ўқ ёмғирлари остидан олиб чиқиб, жонлари омон қолиши учун мардларча ҳаракат қилишган, тинч­лик чоғида халқимизни турли касалликлардан сақлаш йўлида фидойилик кўрсатишмоқда. Ана шундай кекса авлод сафида "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач" унвонлари, қатор-қатор орден ва медаллар ҳамда "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонлари соҳибларининг борлиги кўнглимизда бағоят ғурур уйғотади. Улар давраларимизнинг тўрида туришади, тиббиётчилар жамоаларида ўзларининг билим, тажриба ва маҳоратлари билан навқирон авлодга ҳар доим намуна бўлиб яшашмоқда. Биз фахрийларимизни байрам билан қутлаб, барчаларига умрбоқийлик тилаймиз.

Руҳшона АБДУЛҲАЕВА.