Вилоятимиз тиббиёти тизимида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган хайрли акция ўтказилмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан амалга оширалаётган эзгу мақсадга йўғрилган тадбирларда соҳа фидойилари эъзозланмоқда.

Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси томонидан уюштирилган шарафлаш маросими ҳам ана шу тадбирнинг узвий давоми бўлди. Соҳада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда нафақада бўлган ва айни пайтда фаолиятини давом эттираётган бир гуруҳ фахрийларга иззат-икром кўрсатилди. Уларга "Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди" шиори остидаги меҳр ва мурувват акцияси доирасида, "Қадрнома", "Ёднома" ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

– Вилоятимиз бўйича ҳар бир даволаш-профилактика муассасаларидаги иш берувчилар, касаба уюшмалари, кенг жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев. – Йўқлаш тадбирларида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан кекса авлод вакилларига юборилган "Қадрнома" ёрлиқлари тарқатилмоқда. Акция доирасида соҳада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар йўқланмоқда. Вафот этган тиббиёт ходимларининг хонадонига ташриф буюриб, оилаларига "Ёднома" ёрлиқлари топширилмоқда.

Эъзозлаш жараёнида саломатлик посбонларининг юрт равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатлари бугунги авлод вакилларига намуна қилиб кўрсатилмоқда. Тармоқда кечаётган изчил ислоҳотлар, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар самаралари ҳақида тушунча бериляпти.