Эл саломатлигини сақловчилар хизмати осон эмас. Ҳамиша масъулияти, жавобгарлиги юқори. Ахир, инсон ҳаётининг ҳаловати шу заҳматкаш оқ халатли посбонларга боғлиқ. Уларнинг сўзи ҳам, ўзи ҳам қадрли. Наманган туманининг Тепақўр­ғонида таваллуд топиб, тиббиёт билим юртида сабоқ олиб, 33 йилдан буён фельдшерлик касбида фаолият юритаётган Садриддин Турғунов шу боис ўтган йилги тиббиёт ходимлари кунида "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Агар ўрта тиббиёт ходимлари таркибига назар солсак, уларнинг кўпчилиги хотин-қизлар эканини кўрамиз. Йигитлар камроқ. Беихтиёр "Нега?" деган савол туғилиши табиий. Бизнингча, аксарият ҳолларда бу касб­нинг заҳматига "қирқта жони" борлар чидашса керак. Инчунин, врачлар (хирурглардан ташқари) беморга ташхис қўйгач, кўрсатма ва тавсиялар бериш билан кифояланишса, ўрта тиббиёт ходимлари амалиётчи ҳисобланишади. Қолаверса, иш ҳақлари ҳам унча юқори эмас. Садриддин Турғунов сингарилар эса ҳам машаққатига, ҳам хизмат ҳақи тўловига қаноатли бўлгани учун ўз касб­ларига садоқатда яшашмоқда.

У 35 йиллик иш стажига эга. 1989 йили Наманган тиббиёт билим юрти сабоғини якунлаб, туман марказий шифохонаси фельд­шери вазифасида фаолиятини бошлаган. 1992-1997 йилларда туман марказий поликлиникасининг травматология хонасида ишлади. Кейин эзгу ният билан туман тиббиёт бирлашмасининг хирургия бўлими жамоасига қўшилди. Орада бир неча йил Тепақўр­ғон соматик касалликлар бўлимида хизматда бўлишига қарамай, яна илгариги юмушини афзал билди.

– Фельдшер Садирддин Турғунов ўз вазифасининг ҳақиқий жонкуяридир, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодиров. – Муомала маданияти юксак, ҳамиша катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда. Тинмай ўқийди, малака оширади. Ўзидан кичикларга билганларини ва тажрибасини беминнат ўргатиб боради. Касбининг ҳақиқий аълочисидир.

Ҳар бир инсон ўз камолоти учун астойдил қайғурса, кўзлаган мақсадига, албатта, етади. Фидойи фельдшернинг жарроҳ врачлар ўртасида уқувли кўмакдош сифатидаги обрў-эътибори доимо баланд.

– Хирургия бўлимининг юмуши бошқа бўлимларникига нисбатан анча мураккаб ва нозикдир, – дейди катта фельдшер Садриддин Турғунов. – Ўткир тиғ билан ишлайдиганларда ўткир кўз, ўткир ақлу идрок бўлиши шарт. Бўлим мудири Бахтиёр Назаров билан бирга фаолият юритаётганимдан беҳад фахрланаман. Тоҳиржон Жўраев, Юсуфжон Абдуллаев, Тоҳиржон Фазлиддинов, Баҳодир Мирзавалиев, Маъмуржон Охунов каби травматологу хирурглар ёнида туриб, қанчадан-қанча беморларни соғайтиришга кўмаклашдим. Уларнинг олқишига сазоворландим. Вазирлик томонидан кўкрак нишони билан сийландим. Оддий фельдшер учун бундан ортиқ мукофот қаерда бор?!

Дарҳақиқат, Садриддин Турғуновнинг кўп йиллик хизматлари муносиб тақдирланди. 60 ўринли бўлимдаги тиббий муолажалар билан машғул ҳамшираларнинг катта оғаси беморларни сифатли даволашда шахсий ўрнак кўрсатаётганининг ўзи ҳам алоҳида эътирофга арзийди.

Ана, у беморларни навбатдаги операцияга тайёрламоқда. Кимгадир мулойим муомала билан зонт юттиради, кимнингдир ошқозонини ювади. Врачларнинг жарроҳлик амалиётиолди талабларини тўла-тўкис уддалайди. Натижада беморнинг операцияси муваффақиятига пухта замин яратилади. Жарроҳлик столидан жонлантириш хонасига олинган бемор кўз очгач, гўё дунёга янги келгандек, юзида табассум жилваланади. Шундай бетакрор жилвада Садриддиннинг ҳам ҳиссаси борлиги унга ҳар вақт фахр ҳамда янги куч-қувват бағишлайверади.

Содиқ САЙҲУН.