Давлатобод туманидаги "Тадбиркор" маҳалласида 150 ўринли болалар шифохонаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашди.

Вилоят раҳбари табрик сўзида нафақат тиббиёт соҳаси, балки "Юксалиш" массивида амалга оширилаётган бу каби бунёдкорликлар муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган одамларни бугунидан рози қилишдек эзгу амаллар шарофати эканлигига алоҳида тўхталди.

Ўз навбатида тиббиёт соҳаси вакиллари бу ерда яратилган шароиту имкониятлар кўлами кенглигини эътироф этиб, миннатдорлик билдирдилар.

Қайд этиш жоиз, мазкур шифохонанинг умумий лойиҳа қиймати 33 миллиард сўмга яқин бўлиб, замонавий бинодаги шарт-шароит­лар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

Шифохона 52 та палата, 6 та реанимация койкаларидан иборат. Энг қувонарлиси, физиотерапевтик муолажалар ва зарарсизлантириш ишлари юқори даражада олиб борилади.

Ушбу тиббиёт муассасасида даволанувчилар учун уй-мактаб-боғча-шифохона муҳити яратилгани кичик ёшдаги беморларнинг тезроқ соғайишига хизмат қилиши таъкидланди.

Наманган вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати.