У халқимизнинг асрий орзуси ушалган тарихий сана ҳақида тўлқинланиб гапирди, истиқлол йилларида келажаги буюк мамлакатимизда муҳтарам Юрт­бошимиз раҳнамолигида амалга оширилган улуғвор ишлар, диёримиздаги беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида фахру ифтихор билан фикр юритди.

"Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби Абдулла Ғозиев эса "Наманган тиббиёти юксалишда" деган мавзуда маъруза билан чиқди. Нотиқ йигирма тўрт йил ичида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам мислсиз ўзгаришлар юзага келганлиги, тармоқда кечаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиб, даражаси ўсиб бораётганлигини мисоллар билан изоҳлаб берди.

Кўп йиллик анъанага кўра байрам тадбирига тиббиёт ходимларининг фарзандлари ҳам таклиф этилганди. Чунки, диспансер жамоаси 1-синфга ўқишга қабул қилинган болаларни ўқув воситалари ва спорт либослари билан таъминлаб келмоқда. Бу гал эса 25 нафар ўғил-қизга илтифот кўрсатилди. Эъзозу ғамхўрликдан мамнун бўлган келажагимиз ворислари чуқур билим олиб, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир кишилар бўлиб улғайишга ваъда бердилар. Ўтган йили худди шу саҳнада туриб, тантана қатнашчиларини ишонтирган ўқувчилар аълочилар сафида боришаётганликларини кундалик дафтарларидаги кўрсаткичлар билан исботладилар. Болалар азиз Ватан, она юртни мадҳ этувчи шеърлардан ўқиб беришди.

Тадбир билимдонлик кўригига айланиб кетди. Инглиз тилини ўрганиш курсини муваффақиятли тамомлаган бир гуруҳ ҳамшираларга сертификатлар топширилди.