Яқинда таҳририятимизга Наманган шаҳрининг "Оби ҳаёт" маҳалласида яшовчи фахрий-педагог Равшанбек Абдураҳмоновдан қуйидаги мактуб келди:

"Азалдан ҳар бир ота-она фарзандига, бобо ва буви набираларига фақат яхшиликларни раво кўради. Керак бўлса, жониниям аямайди. Айниқса, уларга бирор дард илашса борми, ўзларини қўярга жой тополмай, албатта, юқори малакали мутахассисларга кўрсатиб даволатишга ҳаракат қиладилар.

Биз шифохоналарда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларидан асло хафа эмасмиз, гарчи бундан бир неча ой илгари набирамиз ҳаётини сақлаб қолишолмаган бўлишса ҳам. Ахир қўлларидан келган ҳамма даво чораларини қўллашди. Умрини узайтиришга астойдил курашилди. Онкогематологик хасталик тўққиз яшар болажонимизни барибир бағримиздан юлиб олди. Ҳатто врачларнинг ҳам биз каби кўзларида ёш қалқиди.

Кўрдикки, вилоятимизда қон касаллиги билан оғриётган болалар анчагина. Агар самимий таклифларимиз инобатга олинса, кичик беморларниям, ота-оналариниям мушкуллари анча енгиллашарди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлимида шароитлар ҳам, мутахассислар ҳам яхши, тажрибали, фидоий врачу ҳамширалар хизмат кўрсатишади. Лекин беморлар кўпу, қаровчилар эса етарли эмасдек туюлади.

Бўлимда ҳар хил нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун тунги навбатчилар қаторида гематологнинг ҳам бўлиши беморларни нафақат кундузи, балки кечаси ҳам назорат қилиб бориш имконини берарди. Яна бемордан кутилмаганда қон кетиб қолганида қон қуйиш амалиёти ўша заҳоти бемалол бажариларди, тонг отишини кутмай, кечикмаган ҳолатда ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиларди, деб ўйлаймиз".

Отахоннинг ғоят долзарб таклифини мутасаддилар эътиборига ҳавола этмоқчийдигу, бунга энди хожат қолмади. 30 январь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига Республика болалар онкогематология ва клиник иммунология марказидан директор ўринбосари У.Ф.Исломов раҳбарлигида бир гуруҳ мутахассилар ташриф буюришди. Уларни бош­қарма бошлиғи А.Иминов қабул қилди. Қабул чоғида Наманганда болалар онкогематология маркази очиш масаласи муҳокама этилиб, зарур шароиту имкониятлар яратиш чора-тадбирларига янада аниқлик киритиб олинди.

Пойтахтдан келган меҳмонлар – вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлимида бўлишиб, бу ердаги врачу ўрта тиббиёт ходимларига ташхислаш ва даволаш бўйича илмий-услубий маслаҳатлар беришди. Сўнгра Давлатобод туманининг "Юксалиш" массивида янги очилган мўъжаз болалар шифохонасида ҳам бўлишди. Ташрифдан мақсад бу ердаги даволаш жараёнлари билан танишиш, зарур йўл-йўриқлар кўрсатиш эди. Улар ажратилган қўп қаватли бинонинг бир қаватида вилоят болалар онкогематология маркази очишни мақсадга мувофиқ деб топишди.

Республика болалар онкогематологияси ва клиник иммуноллогия маркази директори ўринбосари У. Ф. Исломов, марказ онкогематология бўлими врач-гематологи Ф.А.Ризаева, врач-онколог А.Т.Хаитова, врач-лаборант О.Х.Машрабовлар наманганлик ҳамкасбларининг бемор болаларни даволашда қўллаётган усулларини маъқуллаш билан бирга, муолажалар жараёнини янги талаблар асосида янада такомиллаштириш юзасидан қимматли кўрсатмалар беришга алоҳида эътибор қаратишди. Бугун биз қувонч билан айта оламизки, "Ўзбекистон-2030" тараққиёт стратегиясига мувофиқ пой­тахт­даги РБОГКИ марказининг Намангандаги филиали очилади, деган хушхабар тез орада ҳаётий ҳақиқатга айланади.