Миллий қадрият. Бу тушунча мустабид замонлар зайли, "оммавий маданият" касри туфайли жуда ҳам торайиб қолди. Бугун миллий қадрият ҳақида сўрсангиз, айниқса, ёшларнинг кўпчилиги бир неча байрам, анъанавий либослар, юриш-туриш одобига хос айрим анъаналарни айтиш билан чекланади. Ҳолбуки, асрлар давомида шаклланган миллий қадрият мазмун-моҳиятини, биринчи галда, соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш мезонлари ташкил этади. Бу мезонлар ҳар бир оиланинг темир қонуни бўлган. Шахсий гигиена, жисмоний ҳаракат, тўғри овқатланиш каби йўналишларнинг ҳар бири бўйича малакалар ўғил-қизларга бобою бувилар ўгити, ота-она таълими ва талаби, жамоатчиликнинг фаол муносабати орқали сингдирилган. Шу боис, бўйи етган қизга биринчи галда ҳовли-жойни саришта-ю шинам сақлаш, ошхона маданияти, таом тайёрлаш ва овқатлантириш, оила аъзоларининг гигиенага амал қилишига масъуллик, улар тоби қочса, қандай доривор неъматлардан фойдаланишгача ўргатилган.

"Фасфудлар" даврига келиб, саломатликни сақлашга хизмат қилиб келган қадриятларга беписанд қарай бошладик. Сунъий емаклар, палапартиш тановул устуворлашди.

Президентимиз кўрсатмалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини таркибида "Саломатлик мактаблари" ташкил этишдан мақсад ана шу йўқотишлар ўрнини тўлдириш, аҳолини соғлом турмуш ва соғлом овқатланиш маданиятига одатлантиришдир. Зеро, саломатлик пойдевори ҳам ҳудди шу омиллар ҳисобланади.

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Наманган вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси Дилором МАМАТХОНОВА билан ана шу мактаблар мақсад-моҳияти, натижа ва режалар ҳақида суҳбатлашдик.

– Дилором Шарифжоновна, Саломатлик мактаби ғояси, мақсади ғоятда улуғ. Аввало, шу ҳақида тўхталсангиз.

– Дарҳақиқат, Саломатлик мактабларининг асосий вазифаси кенг жамоатчилик орасида тиббий маданиятни ошириш, соғ­лом турмуш тарзини тар­ғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилишга қаратилган бирламчи профилактика ишларидан иборатдир. Бу мактаблар расмиятчилик, қоғозбозликдан холи, асосий эътибор аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини таъсирчан ва самарали усуллар орқали тарғиб қилишга қаратилади.

Вилоятдаги 775 та маҳалла фуқаролар йиғинларида Саломатлик мактаблари босқичма-босқич ташкил этилди. Мактабларнинг жамоатчилик асосидаги етакчилари – ҳудуд умумий амалиёт шифокорлари ва маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ҳисобланади. Улар томонидан ҳар бир маҳалланинг 6 нафардан энг фаол аёллари танлаб олинди. Ана шу кўнгиллилар маҳалладаги 6 та ҳудудда ҳафтанинг маълум куни тиббий-маърифий ишларни олиб боришяпти. Айниқса, қизлар ва аёлларнинг саломатликка оид саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкиллаштиришдаги кўмаклари катта бўляпти. Фидойи опа-сингилларимиз тасарруфларидаги хонадонларда бўлишади, маҳалладошларининг турмуш тарзини батафсил ўрганишади ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари саломатлиги ҳақида патронаж ҳамшираларга ҳар куни эрталаб ахборот беришади. Мактабнинг ҳафталик режаси маҳалладошлари ҳоли-аҳволини яхши билган кайвонилар таклиф-мулоҳазалари билан мукаммаллик, ҳаётийлик касб этмоқда. Опахонлар ўзлари масъул бўлган кунлари тиббий-маърифий тадбирларда бош-қошдирлар.

Душанба – "Аёллар куни"да улар саломатлигини ўрганиш, соғ­ломлаштириш ишлари олиб бориляпти.

Сешанба – "Ҳомиладор аёллар куни"да "Аёллар маслаҳатхонаси"да бўлиб, ҳомиладор аёллар соғлиги муҳофазаси юзасидан кўриладиган манзилли ва мақсадли вазифалар белгилаб олиняпти.

Чоршанба – "Тамакининг зарарли оқибатлари"га бағишланади. Опахонлар ўз ҳудудларидаги таълим муассасаларида тиббий ходимлар, дахлдор ташкилот мутахассислари иштирокида мониторинг, суҳбатлар олиб боришяпти.

Пайшанба – "Хонадон ва экология куни". Ҳовли ва хонадонларда тозалик, саришталикни таъминлаш, айниқса, ошхона ва таомланиш маданиятини жорий этишга оид ўрганишлар, тажриба алмашувлар бўлмоқда.

Жума – "Аёллар ва қизлар куни"да репродуктив ёшдагилар билан эрта турмуш қуришнинг, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, таомнома тузиш, пазандалик, оила аъзоларини гигиена, жисмоний фаолликка йўналтириш ҳақида мулоқотлар ўтказиляпти.

Шанба – "Саломатлик куни" бўлиб, маҳалла гузари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари майдонларида миллий ва замонавий спорт мусобақалари уюштирилмоқда.

– Сиз юқорида айт­ган серқирра ва масъулиятли лойиҳаларни амалга ошириш жамоатчилик асосида жалб этилган биргина кўнгилли фаол аёллар, оила шифокори ва ҳамшира учун қийинчилик туғдирмасмикан? – деган савол туғилиши аниқ.

– Улар давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланади. Аввало, таъкидлаш керак, бундай мактаблар маҳалла фуқаролар йиғинларининг биноларида ташкил қилинган. Уларнинг таркибий тузилмаси ҳисобланади ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминланади. Мактаб аъзоларининг фаолиятини маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси тиббий бригада кўмагида бош­қаради.

– Шу ўринда мактаб аъзолари, уларнинг вазифаси ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз?

– Маҳалла фуқаролар йиғини раиси аъзолар фаолиятини мувофиқлаштиради, назоратини олиб боради. "Тўғри овқатланиш ва соғ­лом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракатини кенг тус олдиришга қаратилган оммавий ва индивидуал тарғибот тадбирларига аҳоли иштирокини таъминлашга раҳбарлик қилади.

Хотин-қизлар бўйича маслаҳатчи фуқаролар тиббий кўригини ташкил этишда кўмаклашади. Аниқланган юрак-қон томир касалликларининг паст ва ўрта хавф гуруҳига мансуб кишилар саломатлиги маҳалла фаоллари томонидан назорат қилиб борилишини таъминлайди. Маслаҳатчи маҳаллада соғлом турмуш тарзи, соғлом ов­қатланиш бўйича тарғибот-ташвиқот олиб борадиган жамоатчиларнинг ўқув машғулотлари изчиллигини ҳам назорат қилади.

Тиббий бригада эса мактабнинг таянчи ҳисобланиб, 40 ва ундан катта ёшдагиларда юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлаш мақсадида кўриклар ўтказади. Текширилганларни юрак-қон томир касалликлари хавфи бўйича 4 та (соғлом, паст, ўрта, юқори хавф) саломатлик гуруҳларига ажратади ва бу борадаги манзарани яққол акс эттирувчи "Маҳалла профили"ни яратади. Соғлом ва паст хавфга эга бўлганлар рўйхатини уларга яқиндан кўз-қулоқ бўлиб туриши учун хотин-қизлар бўйича маслаҳатчига ҳавола этади.

Бригаданинг доимий ва бош мақсади Саломатлик мактаби аъзоларини, маҳалла фаолларини ре­продуктив саломатлик, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ўқитишдир.

Ёшлар етакчиси вазифаси маҳалладаги зарарли одатларга ружў қўйган ўсмир ёшлар ўртасида тар­ғибот ишларини амалга оширади.

Патронаж ҳамширанинг вазифаси талайгина. Аниқланган юрак-қон томир касалликлари хавфи 10 фоиз дан кам бўлган кишилар рўйхатини Саломатлик мактабида юритиладиган махсус журналга тиркайди ва улар соғлигини назоратга олади.

Маҳалла фаоллари ҳамда хавф омиллари аниқланган 1-2 гуруҳдаги кишиларни Саломатлик мактабида ўқитади. 1-2 гуруҳ хавф омиллари мавжуд фуқароларга индивидуал равишда тана вазни камайиши учун мунтазам тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш бўйича маслаҳатлар бериб боради.

Мактаб фаолиятида ички ишлар идораларидан маҳаллага бириктирилган назоратчиларнинг ҳам ўрни бор. Улар скрининг натижалари асосида хавф омиллари аниқланган шахс­ларни жисмоний фаолликка одатлантириш учун воркаут, йўлакчалардан пиёда юриш, ҳудуддаги спорт майдонлари, фитнес залларида ўтказиладиган маш­ғулот, беллашувларнинг мароқли ва осойишта ўтишида яқиндан ёрдам берадилар.

– Саломатлик мактаблари фаолияти самарадорлиги қандай мезонлар асосида баҳоланади?

– Улар меҳнати, биринчи навбатда, касалликлар камайиши, хавф гуруҳига киритилган кишилардаги ижобий ўзгаришлар, хотин-қизлар саломатлиги кўрсаткичлари яхшиланиши, хонадонларда турмуш маданияти нечоғлик шакллантирилгани, жисмоний фаоллик оммалаштирилгани, хасталанишларнинг олдини олиш натижаларига қараб баҳоланади ва рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, оилаларда соғлом турмуш тартиблари жорий этилиши бўйича рейтинг юритиляпти. Рейтинг натижаларига қараб, "Шахсий гигиенага риоя қиладиган хонадон", "Зарарли одатларсиз хонадон", "Жисмоний фаол хонадон", "Тўғри овқатланишга одатланган хонадон", "Тиббий маданияти юксак хонадон" номинация­лари бўйича намунали оилалар аниқланиб, кўча эшикларига ғолиблик ёрлиқлари ўрнатилмоқда. Ҳокимият, маҳалла фуқаролар йиғини, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ҳомийларнинг эсдалик сов­ғалари билан тақдирланмоқда.

– Шарҳларингизни тинг­лай туриб, менда Саломатлик мактаблари халқ ичидаги тиббиёт дорилфунунига айланади, деган катта умид пайдо бўлди. Мазкур янги тузилма таркибида расмий ва кўнгилли тарзда фаолият бошлаган барча фидойи кишиларга айт­гим келади: Сиз ғоятда улуғ ва хайр­ли иш бошладингиз. Яқин келажакда сизнинг саъй-ҳаракатингиз қадр-қимматини дунё бойликлари билан ўлчаб бўлмай қолади. Зеро, сиз касаллик келтириб чиқарувчи иллатларни бартараф этиш, одамлар қалби ва онгида соғ­лом турмуш, тўғри овқатланишга нисбатан ихлос ва амалий кўникма ҳосил қилиш орқали юртдошларимиз умрига умр қўшилишига, турмуши фаровон, ҳаёти завқли бўлишига ҳисса қўшасиз.

Дилором Шарифжоновна, халқимиз саломатлигини сақлашдек залворли мақсад йўлида қўйилган яна бир одим ҳақидаги мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.