Эл-юртимиз азалдан шифокорларни инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойилар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар саломатлик пос­бонларига ўзларининг энг бебаҳо бойликлари – ҳаётларини ишониб топширадилар. Буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг: "Инсон дардига дармон бўлмоқ – олижанобликнинг энг юксак намунасидир", деган сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга энг устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Кейинги давр­да бу борада дадил қадамлар ташланди. Эндиликда юртдошларимизга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олинди.

Шу мақсадда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июлдаги "Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-283-сонли Қарорининг 18-банди ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 26 октябрдаги "Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида пуллик хизмат ташкил этиш тўғрисида"ги 261-сонли буйруғи қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ РШТЁИМ Наманган филиалида беморларга сифатли ва кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатиш доирасини кенгайтириш мақсадида тез тиббий ёрдам кўрсатишдан ташқари "Пуллик тиббий хизмат кўрсатиш" фаолияти йўлга қўйилди. Энди вилоятимиз фуқаролари ҳамда Наманганга ташриф буюрган меҳмонлар филиалда мунтазам ишлайдиган пуллик тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эгадирлар.

Зарурият юзасидан мурожаат қилган фуқаролар энди филиалда барча турдаги замонавий диагностика ва даволаш ишларидан пуллик хизмат асосида фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари ҳамюртларимиз ва меҳмонларимиз учун хирургия, травматология, нейрохирургия, кардиология, қон-томир жарроҳлиги, гинекология йўналишлари бўйича ўз соҳасининг малакали мутахассислари хизматларини таклиф этадилар. Диагностика йўналиши бўйича замонавий МСКТ томографияси, УТТ ва барча турдаги лаборатория текширувлари амалга оширилади.

Бу қулайлик боис аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат салмоғи янада ортишига ишончимиз комил.

Умиджон МУҲИДДИНОВ,

РШТЁИМ Наманган филиали директори.