Дастлаб "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастурининг бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларидаги ижросига оид масала кўрилди. Бошқарма бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов бу ҳақда маъруза қилди. Унинг айтишича, қарияларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни соғломлаштириш ишларини янада жадаллаштириш зарур.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев эса "Бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасаларининг 2015-2016 йиллар кузги-қишки мавсумига тайёргарлиги борасидаги белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида" сўзга чиқди. Нотиқнинг таъкидлашича, олиб борилаётган ишлардан кўнгил тўлмайди. Қатор туманлар тиббиёт бирлашмаларида, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида иситиш тармоқларини шайлаш ишларида суст­кашликка йўл қўйилмоқда.

Тиббиёт ҳайъати йиғилишида ваколат доирасидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.