Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг тиббиёт тизимидаги ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Тадбирда якунланаётган йилда эришилган натижалар сарҳисоб қилинди. Кириб келаётган 2024 йилда тизимда ёшлар билан боғлиқ амалга ошириладиган ишлар хусусида маълумот берилди.

Вилоятимиз вакиллари тадбирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали залидан туриб онлайн тарзда иштирок этдилар. Музокаралар чоғида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кадрлар салоҳиятини юксалтиришга оид таклифлар билан чиқди.

-  Биламизки, кейинги йилларда вазирлик ташаббуси билан тиббиёт ходимлари касбий маҳоратини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ривожланган давлатлар тиббиёти тажрибасини ўрганиш ва фаолиятда қўллаш салмоғи ортмоқда.

Таклифим бу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Шу мақсадда кириб келаётган 2024 йилда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 5 нафар тиббиёт ходимини хорижга малака ошириш учун юборишни мўлжаллаб турибмиз. Яна олис ҳудудлардаги бирламчи тизим муассасаларида хизмат қилаётган 30 ёшгача бўлган шифокорлардан 10 нафарини Эстония давлатига жўнатиш имко­ният­лари яратилмоқда. Бундан таш­қари 20 нафар доянинг Туркия давлатида малака оширишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бу билан шифокорларимиз касбий маҳоратини оширишга, жаҳонда ва Европа давлатларида тўпланган илғор тажрибаларни Наманганда жорий этишга эришамиз. Пировардида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ортади, – деди бошқарма бошлиғи.

Анжумандан сўнг бўлиб ўтган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири мулоқотда илгари сурган ғоя ва мақсадлар асосида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида фикрлашиб олинди. Соҳанинг ёш мутахассислари, олий таълим муассасалари, Абу Али Инб Сино номидаги тиббиёт техникумлари вакиллари қимматли таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташладилар.

– Биз яқинда вилоятимизга келган озарбайжонлик мутахассислар билан регионар анес­тезия бўйича "Маҳорат дарслари" ўтказдик. Бунда асосан республикамизда ишлаб чиқарилган маҳаллий анес­тетиклардан фойдаландик. Бу дорилар сифати ва нархи меҳмон анестезиологларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Озарбайжонлик ҳамкасблар бу дори воситасига юқори баҳо бериб, ундан фойдаланиш учун катта миқдорда буюртма бердилар. Бундан жуда хурсанд бўлдик.

Шу ўринда айтмоқчиманки, умумий оғриқсизлантиришда ишлатиладиган наркотик дорилар ва миорелаксантлар ҳали ҳам четдан олинмоқда. Ўзимизда ҳам ишлаб чиқариш имко­ниятлари бор. Шунинг учун бундай дориларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Натижада катта маблағ тежалган ва сифатли маҳсулот таъминотига эришилган бўлар эди, – деди РШТЁИМ Наманган филиали жарроҳлик реанимацияси бўлими жарроҳи Улуғбек Сиддиқов.

Бошқарма бошлиғи мулоқот чоғида кўтарилган таклиф ва мулоҳазалар чуқур ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилишини таъкидлади. Бинобарин, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш кўлами янада кенгаяди. Касбий маҳоратини ошириш мақсадида уларни хорижга малака оширишга юбориш салмоғи ортади. Қисқаси, ёш авлод тиббиётчилари билими ва маҳоратини муттасил ўстириб бориш диққат марказида туради.