Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган вилояти филиалида ташкил этилган ўқув-амалий семинар ва маҳорат дарслари Регионар анестезиологияга бағишланди. Республика вилоятлари етакчи анестезиолог-реаниматологлари иштирок этган тадбирда "Регионал анестезия. Қўшма анестезиянинг таркибида регионал анестезияни қўллаш ва амалиётлардан ке­йинги даврда оғриқсизлантиришнинг замонавий усуллари" мавзусида маърузалар тинг­ланди. Татбиқ этиш амалиёти кўрсатилди.

– Анестезиология соҳасида муҳим даврни бошлаб берган регионар анестезия тажрибасини мамлакатимизда тезроқ кенг йўлга қўйишда хал­қаро ҳамкорлик роли катта бўлмоқда, – дейди Наманган соғлиқни сақлаш бошқармаси бош анес­тезиолог-реаниматологи, РШТЁИМ вилоят филиали хирург-реанимация, амалиётлар бўлими мудири Муродилла Эралиев. – Озарбайжонда бўлганимизда Боку шаҳридаги энг замонавий клиникалардан бирининг анестезиология шўъбаси мудири бўлиб ишлайдиган Майл Саъдиев Юсуф ўғлини Наманганга таклиф этган эдик. АҚШ, Туркия тиббиёт мактабларида таълим олиб, бой тажриба орттирган касбдошимиз мамлакатимиз анестезиолог-реаниматологларига янги турдаги анестетиклар, уларни қўллаш ускуналаридан фойдаланиш йўл-йўриқларини тушунтириб, маҳорат дарслари ўтказди.

Янгиликнинг ўзига хослиги шундаки, УЗИ назорати остида маҳаллий анестетиклар ёрдамида нерв тизимларини блокада қилиш билан баданнинг оператив муолажа ўтказиладиган жойи оғриқсизлантирилади. Бемор ҳушини йўқотмаган ҳолда амалиёт оғриғини ҳис этмайди.