Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,

Давлат тиббий суғурта жамғармаси

Наманган вилояти ҳудудий бош мутахассиси

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи барча даволаш-профилактика муассасаларида мониторинг ўтказиб, тиббий жиҳозлар, мутахассислар ҳамда рақамлаштиришга оид ахборот технологиялари воситаларига эҳтиёжларни ўрганди. Зарур ашёлар билан таъминлаш йўл харитасига биноан амалга ошириляпти.

Давлат тиббий суғуртаси томонидан тезкор, адолатли, шаффоф тарзда фаолият кўрсатилишининг муҳим шарти бўлган тиббий ёрдам ва уни молиялаштиришнинг янги технологияси – Реимбурсация дастури (инглизча: "харажатларни қоплаш") йўлга қўйилмоқда. Унга асосан аҳоли кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам ва дори-дармон олиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, сурункали касаллиги бор беморларни амбулатор шароитда даволашда зарур бўладиган айрим дори воситаларини дорихона орқали бепул олиш, соғайтирилганлар статистикасини замонавий шаклларда юритиш бошланди. Бу жараён қуйидагича: Сурункали касаллик билан диспансер назоратида турган бемор оилавий шифокори кўриги, зарур бўлса, лаборатория-диагностика текширувларидан ўтиб, аниқ ташхис қўйилади. 10-Халқаро касалликлар таснифига кўра электрон амбулатор картага маълумотлар киритилиб, электрон рецепт шакллантирилади. Бемор СМС тарзда мобил телефонига келган рецепт асосида ДТСЖси билан шартнома тузган дорихонага мурожаат қилади.

Шакллантирилаётган илк босқичнинг ўзида шифохоналар билан тузилган шартномаларга биноан имтиёзли тоифага кирувчи кўплаб беморларни юқори технологик оператив даволар билан соғайтиришга эришилди. Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 650 миллион сўмлик ўтказма ҳисобига 42 нафар беморга юқори технологик жарроҳлик муолажаси қўлланилди. Мураккаб эндопротезлаш орқали 26 нафар хастанинг умрига умр қўшилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали билан имзоланган 1 миллиард 400 миллион сўмлик шартнома асосида 96 нафар бемор ноёб юрак-қон томир жарроҳлиги йўли билан соғайтирилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази билан 250 миллион сўмлик шартнома бў­йича 28 нафар ўғил-қиз энг замонавий шифо усуллари билан дарддан халос этилди. "Муҳаммад Анвар" хусусий кўз клиникасига эса им­тиёзли тоифага кирувчи 26 нафар юртдошимиз кўзига жарроҳлик йўли билан қайта нур бағишлаш харажатлари учун жамғарма 150 миллион сўм тўлаб берди.

Якунланаётган йилда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 132, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида 108, "Муҳаммад Анвар" кўз клиникасида 200 нафар беморни юқори технологик амалиёт асосида соғайтириш мақсадида жамғарма бюжетидан 5 миллиард 180 миллион сўм маблағ сарфланди.

Янги йилда жамғарма фаолияти янада кенгайиб, хайрли ишлар кўлами тағин ҳам ортади. Соғлиқни сақлаш муассасаларида электрон хизмат, интернет тизими тўлиқ жорий этилади. Кўплаб тиббий иншоотлар инвестиция, "Обод қишлоқ" дастури, ташаббусли бюджет ва маҳаллий бюджет маблағлари эвазига таъмирланади. Кадрлар етишмовчилиги малакали мутахассислар ҳисобига тўлдирилади. Шифохоналарга янги жиҳозлар етказиб бериш суръати ортади.

Имкониятдан фойдаланиб, вилоятимиз шифохоналарида фидокорона фаолият юритаётган қадрли ҳамкасбларимизни Янги йил билан қизғин муборакбод этаман. Хайрли ишларида ҳамиша муваффақият ёр бўлсин!

М.ОБИЛОВ ёзиб олди.