Сўнгра ўқув-машғулотнинг асосий мавзуси "2014 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни асосида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизоми ҳақида" Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходими, Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциацияси раиси Рихси Солиходжаеванинг маърузаси тингланди.
Маърузачи айтганидек, мазкур масалага давлат миқёсида алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Иш юритиш ва назорат ишларини ташкил этишнинг меъёрий ҳужжатлари мавжуд. Айниқса юқоридаги қонунни амалда бажариш юзасидан Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатор буйруқ ва тавсиялари чиқарилган. Худди шу асосда бошқарма ва унинг тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида изчил иш юритилиши керак. Лекин ҳали бу борадаги фаолиятни қониқарли баҳолаш мумкин эмас. Шуни назарда тутиб, маърузачи амалдаги тартиб-қоидалар тўла-тўкис бажарилиши учун, аввало, муассасалар раҳбарларидан тортиб, кадрлар бўлими бошлиқлари-ю, мутасаддилар масъулияти етарли эмаслигини рўй-рост таъкидлаб ўтди. Ўқув-семинарда яна бир бор ҳужжатлар билан ишлаш тартибларини кўргазмали слайдлар ёрдамида батафсил баён этди.
Шунингдек, маърузачи бошқарма ва унинг тизимидаги муассасалар раҳбарлари фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларига эътиборни тобора кучайтиришлари зарурлигини уқтирди. Мурожаатлар дафтарларига ўз вақтида қайд қилиниши, назоратга олиниши имкон қадар ижобий ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланиши, бошқарма аппаратида кўрилгач, керак бўлса, ҳудудий идораларга юборилиши, тегишли ташкилотларга ва ҳокимиятларга чиқарилиши лозимлигига алоҳида урғу берди. Назоратга олиниши лозим бўлган ҳужжатларга, ҳатто ҳужжатларни рўйхатга олишдаги реквизитларгача тўхталиб ўтди.
Ўқув-семинар иштирокчилари мазкур масалага доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Маъруза тугагач, меҳмонлар вилоят кардиология марказининг архиви билан яқиндан танишдилар. Бу ердаги полкаларга ҳужжат жилдлари тартибли териб қўйилгани, уларнинг яхши сақланиши, зарур пайтда, фойдаланиш учун қулай шароитлар яратилгани, замонавий ҳужжатгоҳлар талабларидан келиб чиқиб, компьютерга киритилгани, ҳам қоғозда, ҳам электрон тарзда мавжудлиги ташриф буюрганлар учун тажриба ўрганиш мактаби бўлди, десак асло муболаға эмас. «Архив - ўтмиш кўзгуси» деган ёзувга кўзи тушган ҳар бир киши унинг қимматли, бебаҳо маълумотларни ўзида жамулжам қилганлигини яна бир карра ҳис этди.
Кардиология маркази бугунги кунда нафақат вилоятнинг ўзида, балки республикада ўз ўрнига эга бўлган соғлиқни сақлаш муассасасидир. 5 бўлимдан иборат, 160 ўринли даволаш масканида ҳозирда энг мураккаб жарроҳлик амалиётларигача мувафақиятли уддаланяпти. Фақат беморларни даволашдагинамас, ҳужжатларни юритишда, аҳоли мурожаатига эътиборда, ижро интизомида намунали бўлган жамоанинг тажрибаси билан вилоятдаги ҳамкасбларни таништиришга бағишланган ўқув-семинар барчада бой таассуротлар қолдирди.
Тадбир сўнгида вилоят кардиология маркази бош врачи Баҳриддин Нуриддинов бундай анжуманнинг шу ерда ўтказилиши жамоа зиммасидаги масъулиятни янада оширганлигини мамнуният билан таъкидлади.