Аслиддин РАҲМОНОВ,

ВССБ қурилиш-таъмирлаш ва эксплуатация

ишларини ташкиллаш бўлими бошлиғи

 

Президентимиз ташаббуси билан эълон қилинган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. 2800 туп мевали, 5800 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Шунингдек, 18 минг дона бута ниҳоллари, 55000 та терак қаламчалари жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан ўрмон хўжалигидан вазирлик жам­ғармаси маблағи ҳисобига 80 минг дона кўчат ўз вақтида етказиб берилди. Бундан ташқари ташаббускор тиббиётчиларимиз тўплаган дарахт ниҳоллари, гуллар шифохоналар ҳудудларидаги иқлим, тупроқ таркибига қараб, агротехник қоидалар асосида экилди. Уларни вақтида суғориш, ўғитлаш бў­йича масъуллар тайинланди.

Дарахт, у хоҳ мевали, хоҳ манзарали бўлсин, улуғ неъмат, буюк мўъжиза, беназир экотизимдир. Қайсинисидир ширин-шакар ҳосили, бошқаси эса соя-салқини ва гўзаллиги билан баҳраманд этади. Умуман, наботот оламига хос буюк хислат – кислород ишлаб чиқаришдир. Уларсиз сайёра чўлга айланади, ҳаёт қурийди.

Тадқиқотлар натижасига кўра, одам 24 соат ичида 5-6 килограмм кислород ютади. Бир кунлик эҳтиёжимизни қондириш учун зарур бўлган ана шу соф ҳавони 22 туп балоғатга етган дарахт ишлаб чиқаради. Уларнинг ҳар бири ўсиши давомида ўртача бир тонна атрофида карбонат ангидрид газини ютиб, йилига 120 килограмм кислород ажратади. Қурилишбоплари уй, ўтинбоплари ёқилғи бўлиб хизмат қилади.

Ер атмосферасида миллионлаб тонна зарарли газлар тобора кўпайиб бораётган экан, бу экологик хавфдан инсониятни дарахтлар, яшил маконларгина қутқариши мумкин. Шу боис "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми якунланган бўлса-да, тиббиёт муассасаларининг ташаббускор вакиллари об-ҳавонинг илиқ кунларида шифохоналар атрофини янада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш режалари билан мурожаат қилмоқдалар. Демак, экилган кўчатларнинг изчил парвариши ва янгиларини қулай фурсатларда ўтқазиш давом этади.