РИКИАТМ Наманган филиалида "Rotablator" технологик тизими ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-103-сонли қарори аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтиришда янги истиқболлар очди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали ҳам энг сўнгги русумдаги юқори технологияли кардиожарроҳлик ускуналари билан жиҳозланиб, ноёб амалиётлар турлари босқичма-босқич кўпайтирилмоқда. Кечагина яна бир мураккаб оператив даво усули профессор Корхан Сўйле бошчилигидаги туркиялик шифокорлар иштирокида ўзлаштирилди.

Бу усул – "Rotablator" деб аталувчи бурғулаш ва ротаблатцион катетер тизими ёрдамида ўта нозик коронар томирлардаги кальцинатлашган торайишлар ва тиқинларни очиш, стентлаш амалиётидир. Мазкур жамламанинг ўзига хослиги шундаки, катетер орқали йўналтириладиган узатма учига ўрнатилган эллептик шаклдаги олмос парма томир бўйлаб бориб, кальцинатлашган ноэластик тиқинларни дақиқасига 190000 марта айланиш билан майдалаб, қон йўлини очади ва коронар томирларни мукаммал стентлаш имконини беради.

Бемор коронар артериясида оғир вазият юзага келганда қўлланиладиган бу усул кам инвазив, томирларга шикаст етказмаслиги, бир неча турдаги муолажаларни бажариши билан катта аҳамиятга эга.

– Дунёда рўйхатдан ўтган туғма юрак нуқсонлари болалардаги ривожланиш анормалликларининг энг кенг тарқалган гуруҳи бўлиб қолди, -дейди таниқли кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди Акмалжон Жалилов. – Жорий этилган операцион технологиялар деярли ҳар қандай турдаги юрак-қон томир нуқсонлари бўлган болаларнинг омон қолишларини таъминлаш имконини беради. "Rotablator" тизимини қўллаган ҳолда 5 нафар гўдак ва 2 нафар катта ёшли беморнинг юрак-қон томирларида пайдо бўлган қаттиқ тиқинларни очишга эришдик. Томирларнинг тиқиндан холи бўлган қисмига стент ва қопламалар қўйилди.

Мазкур амалиёт юрагининг тож томирларидаги мураккаб торайиш ва ёпилишлар бўйича очиқ усулдаги оператив муолажа ўтказишга умумий оғриқсизлантириш чорасини қўллаб бўлмайдиган, яъни организмининг наркозга қаршилиги бўлган беморларда қўлланилади.

– Филиалда ҳар қандай юрак-қон томир касалликларини жарроҳлик йўли билан даволаш учун замонавий шароитлар яратилгани, ўта ноёб юқори технологияли аппаратлар мавжудлигидан мамнун бўлдик, – дейди Корхан Сўйле. -Наманганлик ҳамкасбларимнинг тажриба ва маҳорати ҳам жаҳон андозалари даражасида. Уларни Туркияда амалиётларни биргаликда ўтказишга таклиф қилдик. Биз маҳорат дарслари жараёнида ҳамкорлик йўналишларини янада кенгайтиришга келишиб олдик.

Эътироф этиш жоиз, технологик жиҳатдан ўта мураккаб ва катта маблағ талаб этадиган жарроҳлик операциялари Болалар жамғармаси ҳамда Тиббий суғурта ҳисобидан амалга оширилди.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.