"Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47Ғ3-сонли қарорига асосан ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида мамлакатимизда ҳам кенг нишонлаб келинаётгани давлатимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, эҳтиёжманд ногиронларга кенг имконият ва шароитлар яратиш тобора такомиллашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида "ногирон" сўзи ўрнига "ногиронлиги бўлган шахс" атамаси қўлланилиши ҳам бу тоифа инсонларнинг қадр-қимматини юксалтириш, ҳеч кимдан кам эмасликларини таъминлаш учун ташланган муҳим қадамлардан биридир.

Президентимизнинг "Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги 82-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоийлашувини ташкил этиш бўйича ягона тизим этиб белгиланди. Унинг устувор йўналишларидан бири ногиронлиги бўлган шахслар турмуш шароитига эътиборни кучайтириш, жамиятдаги қадр-қимматини кўтаришдан иборатдир. Агентликнинг вилоят бошқармаси ҳам ногиронлиги бор фуқароларимиз жамиятдаги муносиб ўрнини ҳис қилиб яшаши, ўқиши ва меҳнат қилиши, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишини таъминлашга қаратилган вазифаларни кенг кўламда уюшқоқлик билан бажармоқда.

Ҳудудимиздаги жами 74 минг нафардан зиёдроқ ногиронлиги бор шахсларга ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари учун кўмаклашиш, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, маиший масалаларини ҳал қилиш борасида бир талай чора-тадбирлар амалга оширилди. Вилоятда мавжуд тураржойлардаги, маъмурий, хўжалик ва ишлаб чиқариш биноларидаги спорт ҳамда маданий иншоотларни, жамоат транспорт­ларини ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус мосламалар билан жиҳозлашга эришилгани бунинг ёрқин мисолдир.

2023 йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бор фуқароларнинг 1 минг 597 нафарига махсус аравача, 617 нафарига эшитиш мосламаси, 257 нафарига қўлтиқтаёқ, 326 нафарига ҳасса, 54 нафарига юриш мосламаси берилди. 1 минг 310 нафари соғ­ломлаштириш масканларига йўлланмалар олди, 412 нафарининг тураржой билан таъминланишига, уйларини таъмирлашга кўмаклашилди. 12 мингдан ортиқ шахсларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бу кўрсаткичлар ўтган 2022 йилдагига нисбатан уч баробар кўпдир. Ногиронлиги бор шахслар манфаатларини таъминлаш бундан буён ҳам устуворлик касб этаверади.

Нурмуҳаммад ТУРҒУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят

бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.