Мамлакатимизда аҳоли соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган улуғвор ишлар кўлами йил сайин ортмоқда. Соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ касалликлар профилактикасига алоҳида урғу берилмоқда. Чунки, хасталикларни даволагандан кўра уларнинг олдини олган маъқул. Бу йўналишда бурмунча ишлар амалга оширилди. Хусусан, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доираси кенгайтирилди. Юртдошларимизнинг жисмонан соғ­лом ва руҳан тетик юришларини, узоқ умр кечиришларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 сентябрда имзолаган "Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, жумладан, бошқарувни янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра, Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти сифатида қайта ташкил қилинди.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг барқарор тиббий маданиятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг устувор йўналишлари, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

тиббий статистикани шакллантириш ва юритиш, статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тиббиёт соҳасидаги статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш.

Умид қиламизки, бу таркибий ўзгаришлар халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда, соғлом ҳаёт тамойиллари турмушимиз мезонига айланишида муҳим аҳамият касб этади.

Ирода МУСАЕВА,

Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш

ва жисмоний фаолигини ошириш бўлими раҳбари.