Таълим – жамият, иқтисодиёт ва ҳар бир инсон салоҳиятининг асоси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда болалар ва ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёнлари "Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади" ғояси асосида тубдан такомиллаштирилмоқда. Ватанимизда янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Шу боис давлатимиз ва жамиятимиз, биринчи навбатда, эътиборни буюк келажагимиз учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, "Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир".

Шу мақсадда бошланғич синфларда ўқитиш мутлақо янги методика бўйича яратилган дарсликлар асосида йўлга қўйилмоқда. Улар чет тиллари ва компьютерда ишлашни ўрганишлари режали асосда олиб бориляпти. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтириш, эркин ва креатив фикрлаш, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакл­лантириш таълимнинг барча бос­қичларида амалга ошириляпти. Жорий йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, ил­ғор таълим стандартлари ва методикаларини татбиқ этишга киришилди.

Ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Чунки мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётганини ҳисобга олган ҳолда, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиляпти. Жумладан, бизнинг мактабимизда ёшларга пухта касб-ҳунар ўргатиш, уларни келгусида меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис қилиб тайёрлаш учун кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда. Ўқитувчи ва таълим усталарининг тажрибаю маҳоратларини ошириш ниятида уларнинг очиқ дарс ҳамда маҳорат сабоқлари ўтишлари тизимли равишда йўлга қўйилди. Ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини чуқурлаштириш учун дуал таълим усулидан фойдаланиляпти. Наманган муҳандислик технологияси инс­титутининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари муассасада ташкилланган чет тили курсларида машғулотлар ўтказишяпти.

Ўғил-қизларимизга сифатли таълим бериш, уларда ҳаётда ас­қотадиган зарур касб-ҳунарлар малакаларини ҳосил қилишдек эзгу мақсад сари дадил одимлар ташлайверамиз.

Гулчеҳра ҚАЮМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 2-касб-ҳунар мактаби

директори, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси.