12 ноябрь куни мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни нишонланди. Шу муносабат билан юртимизда бўлиб ўтган шодиёналарда саломатлик посбонлари шарафланди. Наманган шаҳрида ташкилланган байрам тадбири ана шу қутлуғ санага бағишланди. "Шердор" тантаналар мажмуи вилоят даволаш-профилактика муассасаларида хизмат қилаётган энг фаол ва илғор шифокору ҳамширалар билан тўлди.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ҳоким шундан сўнг вилоятимизда тиббиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида фикр юритди. Соҳа ишини такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўлами ортиб бораётганлиги таъкидланди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига кўра тақдирланган соҳа вакилларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди. Жумладан, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими мудири Динорахон Сиддиқовна Қосимова II даражали "Соғлом авлод учун" ордени, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали жарроҳлик бўлими мудири Акмалхон Абдурахманович Тожибоев II даражали "Саломатлик" ордени ва Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг "Нанай" ҳудудий бўлими болалар шифокори Асилхон Довулбаевна Жуманазарова "Дўстлик" орденига сазовор бўлдилар.

– Юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги кўп йиллик хизматларимиз муносиб қадрланганидан бағоят мамнунмиз. Ушбу мукофот янада изланишга, халқимизга сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатишга ундайди,-дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали жарроҳлик бўлими мудири Акмалхон Тожибоев.

Байрам тадбирида кўп йиллик самарали хизмати билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамкасбларига алоҳида ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ тиббиётчиларга вилоят ҳокимининг Фаҳрий ёрлиқлари, "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик сов­ғалари тантанали суратда тоширилди.

Юртимизнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар байрамга файз бағишлади.