Наманган шаҳрида тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланди.

Касб байрамларини доимо катта ютуқлар билан кутиб олишга одатланган саломатлик посбонларининг бир гуруҳи Наманган шаҳридаги "Шердор" тантаналар мажмуасига таклиф этилдилар.

Наманган шаҳар ҳокими Ғофиржон Жамолов Президентимизнинг соҳа вакилларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Саломатлик посбонларини байрам билан қутлар экан, кўп йиллик самарали хизматлари билан соҳа равнақига катта ҳисса қўшаётган фидойи тиббиётчилар номларини алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан тилга олди.

Соҳа фидойиларининг бир гуруҳи тақдирланди.

 

РШТЁИМ Наманган филиали. Касб байрамига бағишланган тантанали маросимни филиал бош врачи Умиджон Муҳитдинов табрик сўзи билан очди. Таъкидлаб ўтилганидек, ке­йинги йилларда филиалнинг барча бўлимларида диагностика ва даволашнинг халқаро андозаларини татбиқ этиш, замонавий билим ва малакаларни эгаллаш, илмий-тадқиқотлар самарадорлигини оширишда катта ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Эзгу мақсадлар йўлидаги фаоллиги билан жамоага ўрнак кўрсатаётган шифокор-у ҳамширалар филиал раҳбарияти ҳамда ва касаба уюшма қўмитасининг "Ташаккурнома" ва эсдалик совғаларига эга бўлдилар. Таниқли санъаткор ва ёш ижрочилар чиқишлари саломатлик жонкуярларига завқ-шавқ улашди.

 

РТТЁМ Наманган филиали. Байрам анжумани тез тиббий ёрдамчиларини қадрлаш тантанасига айланди. Филиал директори Адҳамжон Ирисбоев кўп сонли жамоа Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси томонидан мунтазам қўллаб-қувватлаб келинаётганини мамнуният билан таъкидлади. Тантанада 32 нафар ходим РТТЁМ дирекциясининг "Ташаккурномаси"ни олишга муяссар бўлди. Касаба уюшма қўмитаси ва маъмуриятнинг эсдалик совғалари ҳам улашилди. Маросим "Рояль" мажмуасида байрам дастурхони атрофида давом этди.

 

НАМАНГАН тумани. Шифокорлар "БЕК" тантаналар мажмуасига таклиф этилдилар. Туман ҳокими Садриддин Мўминов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ва сектор раҳбарлари йиғилганларни табриклаб, бир гуруҳ тиббиётчиларни Ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан мукофотладилар. Байрам дастурхони атрофидаги дилкушо суҳбатлар, дилбар тароналари қатнашчиларни янада фаолликка чорлади.

 

ТЎРАҚЎРҒОН. "Шаҳандшоҳ" мажмуасида янграган табрик сўзларида тилга олинганидек, кейинги олти йилда тиббиёт бирлашмаси таркибидаги марказий шифохона бўлимлари, ёрдамчи хизматларнинг бино ва иншоотлари, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари реконструкция ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Қўшимча тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналар, компьютер тўпламлари билан таъминланди. Айни пайтда бирламчи бўғиннинг фаолият кўлами, касалликларни эрта аниқлаш, даволаш-профилактика самарадорлигини таъминлашдаги роли кескин ортди. Вилоят, республика миқёсидаги мутахассислар ҳамкорлигида ўткази­лаётган тиббий кўриклар хасталиклар олдини олиш, соғ­ломлаштириш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш омили бўляпти.

Муносиб ютуқларга эришган бир гуруҳ шифокорлар туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарларининг "Ташаккурнома"си ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

 

НОРИН. "Висол" анжуманлар саройига норинлик тиббиётчилар байрам тантанасини ўтказиш учун ташриф бую­ришди. Зеро, вилоят марказидан узоқ туманнинг энг олис ҳудудларигача тиббий хизмат жорий этилиши, аҳоли саломатлигини сақлашнинг янги модели татбиқ қилинишида уларнинг сидқидил фаолияти муҳим омил бўлди. Бу ҳақда туман ҳокими Жўрабек Нурматов алоҳида тўхталиб, касалликлар барвақт аниқланиши ва ташхис-даволаш натижадорлиги ортганини мамнуният билан қайд этди. Фидокорона хизмати билан "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиорини баланд кўтараётган кўплаб шифокорлар туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарларининг байрам совғалари билан сийландилар.

 

ЯНГИҚЎРҒОН. Маданият марказида ташкил этилган байрам тадбирини туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов очиб, саломатлик пос­бонларини муборакбод этди. Анжуманда таъкидланганидек, ТТБнинг "Нанай" ҳудудий бўлими болалар шифокори Асилхон Жуманазаровага "Дўст­лик" ордени берилиши тиббиёт фидойилари меҳнати нечоғлик юксак қадрлашининг яққол ифодасидир. "Уч авлод учрашуви" тарзида ташкил этилган анжуманда фахрийлар ҳамда марҳумларнинг оила аъзоларига алоҳида иззат-икром кўрсатилиб, эсдалик совғалари топширилди. Соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари Фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари, байрам туҳфалари билан тақдирланди.

 

"КОСОНСОЙ" санаторийси. Сиҳатгоҳ жамоасига қувонч қўшалоқ келди. Касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги санаторийлар ўртасида ўтказилган танловда мазкур муассаса "Энг яхши санаторий" деб эътироф этилди. Косонсой табиатининг бетакрорлиги, ҳаво-ю сувларининг шифо­бахш­лиги, мавжуд шароитлар, даволашнинг ўзига хослиги билан Марказий Осиёда машҳурлиги ҳам алоҳида инобатга олинди, албатта.