Кейинги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими мутлақо янгича ёндашувлар асосида трансформация қилинмоқда. Соҳага илғор даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологиялар кенг татбиқ этиляпти. Натижада малакали тиббий хизмат энг олис ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли хонадонларигача кириб боряпти. Яқин йилларгача фақат илғор хорижий давлатларда амалга оширилган юқори технологик мураккаб жарроҳлик операцияларининг эндиликда нафақат пойтахт ва вилоятлар марказлари, балки туманлар даражасида ҳам муваффақиятли бажарилаётгани тарихий аҳамиятга эга воқеликдир.

Хўш, ушбу вазифалар ижроси доирасида тизимда қандай янгиланишлар амалга оширилмоқда?

Сифатли тиббий хизмат ҳар бир инсон учун!

Шу йил бошидан буён жойларда 22 та оилавий поликлиника, 93 та оилавий шифокор пункти ва 394 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Натижада 2,1 миллион нафардан зиёд аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.

Шунингдек, 8,6 миллион нафар 18-40 ёшли аҳоли профилактик тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 685 минг нафари амбулатор ҳамда 72 минг нафари стационар ша­роит­да соғломлаштирилди.

Ўз навбатида, манзилли скрининг билан қамраб олинган 7,3 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 167 минг нафарида юрак қон-томир, 52 минг нафарида қандли диабет касаллиги аниқланиб, уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари, нуронийлар, ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойликлари ўтказилиши, айниқса, туғма юрак нуқсони бўлган 2000 нафар боланинг давлат ҳисобидан операция қилинишини халқимиз катта мамнуният билан қабул қилди.

Аҳоли 235 турдаги дори воситалари билан бепул таъминланади

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ва туғуруқхоналарда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланди.

Мазкур рўйхатга кўра, эндиликда беморларга жами 520 та ташхис, 28 та диагностик текширув, 46 та лаборатор таҳлил, 235 турдаги дори воситалари, 27 та оператив даво ҳамда 76 та тиббий буюмлар давлат ҳисобидан бепул тақдим этилади.

Давлат тиббий суғуртаси, рақамли трансформация – тиббий хизматнинг янги ракурси

Давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари соҳага кенг татбиқ этилмоқда. Бирламчи тизимда "электрон поликлиника" дастури асосида ортиқча қоғозбозликка чек қўйиляпти. Шифохоналарни замонавий автомашиналар ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳар қачонгидан юқори даражага кўтарилди.

Сирдарё вилоятида бошланган давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтиш тажрибасидан сўнг, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бошланди. Президент Фармони билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шакл­га ўтказилиши белгиланди.

2023 йил – тиббиётда хал­қаро ҳамкорликни ривожлантириш йили бўлмоқда

Тиббиёти ривожланган давлатлар, хусусан, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Россия, Туркия ва Озарбайжон вакиллари билан соғлиқни сақлаш форумлари ўтказилди. Натижада хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қатор ноёб операцияларни жорий этиш, шунингдек, шифокор ва ҳамшираларнинг хорижий клиникаларда тажриба ошириши учун кенг имкониятлар яратилди.

Шунингдек, айни пайт­да тизимда 10 га яқин давлатлар билан умумий қиймати 100 млн. доллардан зиёд грант лойиҳалари амалга ошириляпти.

Хусусан, келгуси йили 11 та лойиҳа доирасида 130,6 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Ҳудудларда 400 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ишга туширилиб, уларда 2720 та янги иш ўрни яратилади.

Оналар ва болалар саломатлиги муассасалари ўзаро интеграция қилинди

Оналар ва болалар саломатлигига масъул тиббиёт муассасалари ягона бошқарув тизимига бирлаштирилди.

Президентимизнинг "Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика "Она ва бола скрининг" маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди.

Ҳудудий перинатал, аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда "Она ва бола скрининг" марказлари янги муассасанинг 14 та ҳудудий филиалига айлантирилди. Шу тариқа оналар саломатлигини муҳофаза қилишнинг такомиллаштирилган тиббий-профилактика ва патронаж тизими жорий этилди.

Шунингдек, Хитой ҳукумати билан ҳамкорликда сунъий нафас ускуналари, стоматологик тиббий жиҳозлар етказиб бериш, Бирлашган Араб Амирликлари билан эса Нукус шаҳрида 150 ўринли Она ва бола шифохонасини барпо этиш ишлари давом эттириляпти.

Малака тоифаси беришнинг мутлақо шаффоф тизими йўлга қўйилди

Жорий йилда амалга оширилган энг аҳамиятли ислоҳотлардан яна бири Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилиши бўлди.

Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан биргаликда яратилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича аттеста­ция­дан ўтказиш ҳамда уларга сертификат бериш ахборот тизими – tibtoifa.ssv.uz ишга туширилди. Шу аснода тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси бериш бўйича йиғмажилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинди.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси берилганлигини тасдиқловчи қоғоз шаклидаги сертификат бериш амалиётига ҳам барҳам берилиб, ҳисобга олиш серияси, тартиб рақамига эга, QR-коди қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилди.

Сифатли тиббий таълим – сифатли тиббий хизмат демак

Тиббий таълимни трансформация қилиш борасида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, тиббиёт олий ўқув юртларида 2023Ғ2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура ўқув режаларига "нано технология", "тиббиёт генетикаси", "IT-технология" каби фанлар киритилади ва хорижий педагогларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнлари ташкил этилди. Ўрта тиббиёт ходимлари тайёрлаш тизими мутлақо янги тартиб ва йўналишларда йўлга қўйилиб, барча тиббиёт коллежлари негизида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этилди.

Тиббиёт ОТМда ўқиш муддати 4 йиллик "олий малакали ҳамшира" бакалавриат таълим йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашга рухсат берилди.

Яна бир муҳим янгилик шуки, юртимизда илк бор ўрта тиббиёт ходимларига олий маълумот берувчи Ҳамширалар академияси ташкил этилди. Ушбу академия негизида Туркиянинг Соғлиқ билимлари университетининг "Ҳамширалик иши" факультети очилди.

Халқаро ҳамкорлик доирасида Германиянинг KfW банки ва GIZ иштирокида Термиз шаҳрида тиббий таълим ва малака ошириш дастурларини модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

Жанубий Корея билан биргаликда Болалар миллий тиббиёт марказининг тиббий мутахассисларини тайёрлаш марказини ташкил этиш, юртимизни юқумли касалликларга қарши курашиш салоҳиятини кучайтириш, Тошкент педиатрия тиббиёт институти учун таълим ва илмий-тадқиқот имкониятларини кенгайтириш, вилоятларда ўқув-симуляцион марказларни яратиш, ходимларни онлайн ва офлайн малака оширишини ташкил этиш режалаштирилган.

Асосий мақсад – "103"ни тезкор, ишончли, сифатли хизматга айлантириш

Беморлар ҳаёти ва соғлигини асраб қолиш, уларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда "Тез ёрдам"нинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Шу боисдан Президентимиз топшириғига асосан кейинги йилларда бу йўналиш бутунлай трансформация қилинди. Соҳанинг моддий-техник базаси янгиланиб, кадрлар салоҳияти оширилмоқда.

Айниқса, тизимни энг сўнгги русумдаги ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматида кечикишлар сони кескин қисқарди. Бу эса шошилинч вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бераётир.

Рақамларни таҳлил қилсак, биргина жорий йил январь ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки юртимизда ишлаб чиқарилган 110 та "Volkswagen Caddy" тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди. Бу рақам февралда 117, августда 50, сентябр­да 100, октябрда 100 ва ноябрь ойи бошида эса 108 донани ташкил қилди. Бу автотранспорт воситалари Республика тез тиббий ёрдам марказининг барча филиалларига зарур эҳтиёж ва аҳоли салмоғидан келиб чиқиб, етказиб берилди.

Шунингдек, бу йўналишда Корея Республикаси билан биргаликда тез тиббий ёрдамда педиатрик хизматни ривожлантириш ва шу йўналишда мослаштирилган махсус автомашиналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Янги тиббий муассасаларни барпо этиш – халқаро ҳамкорликнинг муҳим аспекти

Айни вақтда Ҳукумат кафолати остида умумий қиймати 877 млн. долларлик 11 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Германиянинг КfW банки иштирокидаги қиймати 45 млн. еврога тенг "Соғ­лиқни сақлаш тизимида рақамли технологияларни жорий этиш" ло­йиҳаси – шулардан бири.

Қолаверса, Кореянинг "EDCF" жамғармаси иштирокида умумий қиймати қарийб 400 млн. долларлик 4 та йирик лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Улар катталар учун замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказини барпо этиш, ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, миллий онкология марказини ташкил этиш, Тошкент шаҳрида Корея тиббиёт олий ўқув юрти фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган.

Бундан ташқари, Ислом Тараққиёт банки иштирокида Ўзбекистон Республикаси онкология хизмати муассасаларини замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасининг 2-босқичи ижроси ҳам таъминланади.

Марказий Осиёда ягона бўлган 8 қаватли, 650 ўринли ва 500 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникасидан иборат Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги биноси ҳам бу йўналишдаги тиббий хизматлар қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.

"Ўзбекистон – 2030" стратегияси – тиббиётнинг келгуси харитаси

Шу ўринда мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатлари туришини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини ишлаб чиқишда ана шу омил бош мезон бўлди.

Унинг доирасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бў­йича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, Ўзбекис­тонни "Сил хасталигидан ҳоли мамлакат"га айлантириш кўзда тутилган.

Бинобарин, 350 минг нафар қандли диабет ва 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш, беморларни гемодиализ ўрин-жойлари билан тўлиқ қамраб олиш мақсад қилинган.

Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерлари ташкил этилади. Қашқадарёда болалар шифохонаси, туғуруқ комплекси, скрининг маркази, репродуктив саломатлик маркази жойлашган мужассам бир комплекс "Она ва бола" кластери ишга туширилади.

Болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга қисқартириш, чақалоқларда бундай хасталиклар бўйича селектив скрининг текширувлар қамровини камида 50 фоизга ошириш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Оналар ва болалар, қолаверса, онкологик хасталиклардан ўлим кўрсаткичини камайтириш, юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш даражасини 70 фоизга етказиш, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида қандли диабет ва артериал гипертония касалликларининг эрта босқичида аниқлаш даражасини 2 баробарга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Стратегиядан 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз тиббий профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида жисмоний фаол аҳоли улушини 2 баробар оширишга доир чора-тадбирлар ҳам ўрин олган.

Аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакл­лантириш ҳам устувор мақсадларимиздан бири бўлади. Шу билан бирга, юртимиздаги тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш даражаси 100 фоизга етказилади.

Бир сўз билан айтганда, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси – тиббиётнинг келажакдаги харитаси вазифасини ўтайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.