Абдулҳоди ИМИНОВ,

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Кейинги йилларда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар янада жадаллашди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Соғлиқни сақлаш тизимининг қайси бир йўналишига қараманг, фаолият самарадорлигини ошириш устувор вазифага айланганлигини кўрасиз. Айниқса, бирламчи тизим хизматини замон талаблари асосида такомиллаштиришга урғу берилмоқда. Эндиликда энг олис ҳудудларда ҳам аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилган. 185 та оила поликлиникалари, оила шифокорлик пунктлари ва 184 та маҳалла тиббиёт пунктлари фао­лият олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида яна 30 та мана шундай тиббиёт масканлари очилганлиги фикримиз далилидир.

Тиббиётнинг келажаги профилактикадир. Зеро, касалликларни даволашдан кўра уларнинг олдини олиш ғоят муҳим. Шунинг учун ҳам аҳолининг барча қатламларини мақсадли тиббий кўрикка жалб қилиш масаласи муҳим вазифа саналмоқда. Йил бошидан бери турли соҳалар вакилларини ҳамда кексалардан бошлаб то ёшларгача профилактик тиббий кўриклардан ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилди. Салкам 700 минг нафардан зиёд фуқароларнинг саломатлиги ҳудудларнинг ўзида скрининг текшувидан ўтказилди. 4 минг нафарга яқин кишида эндокринологик, салкам 10 минг нафар юртдошимизда юрак-қон томир касалликлари эрта босқичларда аниқланиб, сифатли даволаш чоралари кўрилди.

Онкологик хасталикларни барвақт қайд этиш ва самарали даволаш ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Бу йўналишдаги скрининглар янада ижобий натижа бермоқда. Жорий йилнинг ўзида 500 минг нафардан зиёд аёллар бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича скринингга жалб этилди. Натижада юз нафарга яқин опа-сингилларимизда мазкур касалликларнинг белгилари дастлабки босқичда аниқланиб, кечиктирмасдан даволаш чоралари кўрилди. Бу шунчаки статистика эмас. Бош­қачасига айтганда, шунча аёлнинг умрини узайтиришга эришилди.

Соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг янгича услубларини амалиётга татбиқ қилиш ҳам диққатимиз марказида. Вилоятимизда танлаб олинган Уйчи тумани оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларида иш олиб бораётган тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолаш йўлга қўйилди. Бирламчи натижаларга кўра, 856 нафар саломатлик посбонининг иши мазкур тизимда баҳоланди. Юқори балл тўплаган ходимлар муносиб рағбатлантирилди.

Келажагимиз ворисларининг соғлом ва баркамол вояга етишларини таъминлашга қаратилган ишларимиз кўлами ҳам ортмоқда. Бинобарин, Наманган шаҳар, Мингбулоқ, Поп, Чуст, Норин, Наманган, Чортоқ, Косонсой, Янгиқўрғон ва Давлатобод туманлари кўп тармоқли марказий поликлиникаларида болалар бўлимлари очилди. Уларда хизмат қилаётган малакали мутахассислар ўғил-қизларимиз саломатлигини муҳофазалашга сафарбар этилган. Турли касалликларга қарши эмлаш ўз вақтида олиб бориляпти ва зарур дори пре­паратлари билан мунтазам таъминлаш йўлга қўйилган.

Тиббиёт соҳаси жадал ривожланишда. Янгидан-янги даволаш стандартлари, юқори технологик амалиётлар тизимда жадал қўлланилмоқда. Наманганлик шифокорлар ҳам замон билан ҳамқадамдирлар. Бугунга келиб, илгари хорижда ёки пойтахтимиздаги клиникаларда олиб борилган амалиётларни эндиликда вилоятимизда ҳам жорий этиш устувор вазифамизга айланган. Таққослаш учун рақамларга мурожаат қилсак. Ўн ой давомида вилоятимиздаги ихтисослашган тиббиёт марказларида салкам 10 мингга яқин жарроҳлик амалиётлари олиб борилган бўлса, шуларнинг учдан бир қисми юқори технологиялар асосида бажарилган. Лапароскопик, тораскопик, эндоваскуляр ва бошқа турдаги жарроҳлик жараёнлари ана шулар жумласидандир.

Албатта, соҳани янада ривожлантиришни юқори малакали тиббиёт мутахассисларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мана шу жиҳат ҳам доимо диққатимиз марказида. Жорий йилда салкам саккиз юз нафардан ортиқ тиббиётчилар турли йўналишлар бўйича малакаларини оширишга муваффақ бўлдилар. Вилоятимизда ташкилланган сайёр циклларда 442 нафар шифокор қайта ўқитилди. 115 нафар вакилимиз Республика илмий-амалий тиббиёт марказларида ва Андижон давлат тиббиёт институтида малакасини бойитди. Хориж тажрибасини ўрганишга ҳам катта аҳамият берилмоқда. 25 нафар шифокор Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон ва Россия Федерациясида малака-тажриба алмашиб қайт­ди.

Булар соҳани янада такомиллаштириш сари қўйилаётган илк қадамлардир. Жаҳон тиббиёти билан ҳамқадам мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси илдам суръатлар билан ривожланмоқда. Замон билан ҳамнафас бўлиш учун олдимизда улкан вазифлар турибди. Бугунги кенг қамровли саъй-ҳаракатлар ана шу мақсадга қаратилган. Тармоқ ишини янги босқичга олиб чиқиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Айни дамдаги интилишларимиз мақсади тиббиёт ходимлари касбий маҳоратини янада ошириш, татбиқ этилаётган янги техника ва технологияларни мукаммал ўзлаштириш, замонавий ахборот технологияларини изчил қўллаш билан тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва кўламини тобора кенгайтиришдан иборатдир.

Азиз ҳамкасблар! Фурсатдан фойдаланиб эл дардига дармон излаётган барча шифокорларни, кўп сонли ҳамшираларни, меҳнатсевар кичик тиббиёт ходимларини, тизимда фаолият олиб бораётган мутахассисларни касб байрами билан чин дилдан самимий табриклайман. Ютуқларингиз янада кўпайсин, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, беморларни дарддан халос этиш йўлидаги сермашаққат ва шарафли хизматингизда омадлар ёр бўлсин, деймиз.