Ҳозирда соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг аъзолари 63 минг 324 нафарга етди. Уларнинг жамоа шартномалари ва келишувлари орқали тасдиқланган ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш диққат марказида. Жумладан, 2023 йил 9 ойи давомида бола парвариши таътилида бўлган қарийб 110 нафар ёш оналарга тегишли миқдорда моддий ёрдам кўрсатилди.

Жисмоний ва юридик шахс­лар томонидан келиб тушган 8350 та мурожаатдаги меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя, болалар оромгоҳлари ҳамда сиҳатгоҳларга йўлланма, моддий ёрдам ҳақидаги масалалар ижобий ҳал этилди. 2125 нафар соҳа ходимлари фойдасига жами 2 миллиард 48 миллион сўм ҳақ ундириб берилди.

Тиббиёт аҳли, уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. "Халқаро ҳамширалар куни" куни муносабати билан бир қатор ҳамшираларга Тошкентдаги "Умид гулшани" санаторийсига бепул йўлланма берилди. Тиббиётчиларнинг 1100 нафар фарзанди 362 миллион 340 минг сўм касаба уюшма, 150 миллион 140 минг сўм иш берувчилар маблағлари ҳисобидан оромгоҳларда саломатлиги мустаҳкамланди.

"Баркамол авлод" спорт мажмуасида ўтказилган "Соғ­лиқни сақлаш вазири кубоги-2023" спорт мусобақаларида тизимдаги мингдан ортиқ ходим қатнашди. 400 нафарга яқин спорт ихлосманди шаҳмат, шашка, стол тенниси ва мини футбол турлари бўйича ўзаро баҳслашди. Вакилларимиз мазкур турнирнинг республика босқичида ҳам муваффақиятли қатнашдилар.

"Барча ҳаракатларимиз – инсон қадри учун!" шиори остида маданий-маърифий акция ташкил қилинди. Унда нафақадаги 1000 нафар фахрийлар ва марҳум ҳамкасблар оилалари йўқланди. Қарилик гаштини сураётган 730 нафар отахон-онахонга "Қадрнома" ёрлиқлари топширилди. 7000 нафардан зиёд ходимлар юбилей ва байрам саналарида қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!" дастури доирасида 3 кунлик бепул саёҳатга соҳада ишловчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган 730 га яқин аъзоларимизнинг Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ҳамда водий бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди.

Келгусида фаолиятни янада такомиллаштириш устида изланаверамиз. Демак, касаба уюшмалари "Инсон қадри учун" ғоясини амалга оширишда янги марраларга интилаверади.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари

касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси.