Кўз!.. У ташқи оламдан оладиган ахборотларингизнинг 70 фоизини етказувчи ноёб восита. У дунё гўзалликлари ва одамлар чеҳрасидаги меҳригиёдан баҳраманд этувчи... Хуллас, турмуш ва фао­лиятингизнинг ҳар лаҳзасида ойнаи жаҳонингиз.

У бир мўъжизаки, жазирамада тутоқдим, қаҳратонда совқотдим демайди. У борки, юракда ҳаловат, руҳда фароғат, аъзои баданда хотиржамлик. Бу кўз ҳақида борини билдик дегани эмас. Олимларнинг эътирофларича, кўзнинг сиру синоатлари ҳали тўла-тўкис ўрганилмаган. ХХ аср ўрталаридагина унинг тузилиши, таркиби, касалланиш омиллари, даволаш йўл-йўриқлари тадқиқотига жиддий киришила бошланди. Аён бўлдики, бу ноёб аъзо бир бутун фан экан. Кўз касалликларини ташхислаш ва даволаш технологияларини яратиш ва ривожлантиришда ўзбек офтальмологларининг ҳам ҳиссаси тобора ортмоқда. Уларнинг бири         "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси", вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош офтальмологи, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, "Муҳаммад Анвар" кўз клиникаси раҳбари, олий тоифали мутахассис Муҳаммаджон Қаюмовдир.

* * *

Наманган шаҳрида қад кўтарган "Муҳаммад Анвар" кўз клиникаси деган пешлавҳали бино Ўзбекистон офтальмологияси ютуқларини ўзида мужассам этган, халқаро аҳа­миятга молик клиник марказга айланаётган шифогоҳдир. Бу – мамлакатимизда "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" тамо­йили асосида амалга оширилаётган халқ­парварлик, соҳанинг хусусий секторини қўллаб-қувватлаш борасидаги ғамхўрликларнинг яққол натижасидир.

2018 йили М. Қаюмовнинг хусусий кўз клиникаси барпо этиш ташаббуси вилоят ҳокимлиги, ви­лоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан қўллаб қувватланди. Ер ажратилди, банкдан молиявий кўмак йўналтирилди. Эзгу мақсад, сидқидил меҳнат ўз самарасини берди. Лойиҳа қиймати 12 мил­лиард сўмлик 4 қаватли, офтальмологик фао­лият олиб боришга ихтисослашган бино қад кўтарди. Банкнинг 1,5 миллиард сўм ва 450 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредити эвазига АҚШ, Жанубий Корея, Германия ва Хитойдан "MAESTRO 2 TOPCON", "UZI(АҒВ SKAN)", "АФТОРЕФКЕКАТОМЕТР TOPCON", "IOL MASTER ZEISS", "TECHNOLAS TENEO-317", "Экзимер лазер" каби кўплаб ноёб диаг­ностика-даволаш аппаратлари келтирилди. Улар ёрдамида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини талаб этувчи кўз пардаси кўчиши, кўз ичига қон қуйилиши, преретинал қон қуйи­лишлари, трак­цион тўр парда кўчиши каби хасталиклар даволанмоқда.

Ҳиндистон кўз клиникалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, олий тоифали врач, офтальмохирург Амол Ванкхеде тўр парданинг кўчиши, қандли диабет сабаб келиб чиққан кўз шикастланишлари жарроҳлик муолажаларида иштирок этмоқда.

Инкониятлар кенгайиши, тиббий муолажа сифат ва самарадорлиги ошиши туфайли ихтисослашган хизмат турлари ҳам ортди. Беш йил олдин 10 турдаги амалиёт қўлланган бўлса, ҳозир 25 хилдан зиёд. Кунлик бирламчи қатнов 50-60, қайта кўрикка ташриф буюрувчилар сони 30-40 нафарни ташкил этяпти. Улар орасида Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари, қўшни вилоятлардан келганлар ҳам талайгина.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик асосида имтиёзли гуруҳга мансуб беморлардан 120 нафари бепул оператив даволанди. 20 нафардан ортиқ шароити оғир кишиларда ўтказилган қиймати 70 миллион сўмлик жарроҳлик амалиётлари клиника ҳисобидан қилинди.

Тиббиёт илм-фани, даволаш-диагностика усул ва услублари мунтазам мукаммаллашмоқда. Бу, кадр­лар салоҳиятини тинмай ошириш, техникавий устуворликка интилишни тақозо этади. Шу мақсадда клиника врачларидан бири Ҳиндис­тонда малака оширди. Яна икки нафари Росиянинг Чибоксари кўз микрохирургияси марказида тажриба орттиришга шайланмоқда.

Шунингдек, М. Қаюмов яқинда Самарқандда ўтказилган офтальмологлар конгрессида Германиянинг "Биотек" компанияси билан яна 2 та аппарат олиш, сунъий гавҳарнинг янада афзал турларини етказиб бериш бўйича Россия, Германия, АҚШ, Ҳиндистон вакиллари билан шартномалар имзолади.

Унинг Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори сифатидаги фаолияти ҳам самрали. ВКТТМнинг собиқ кўз касаликлари бўлими биноси устига 2 миллиард сўмлик давлат маблағи эвазига бир қават қўшилди. Диагностика маркази, алоҳида операция хоналари вужудга келди. 7 миллиард сўмлик микроскопик, лазер, факомульсия каби юқори аниқликда ишловчи асбоб-ускуналар билан таъминланди. 20 та имтиёзли, 20 та пуллик ўринлар мавжуд. Ёш, умидли мутахассислар жалб қилинди. Бўлим бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалига айлантирилди.

Дарҳақиқат, Муҳаммаджон Анварович камолот қояларида бирданига пайдо бўлмаган. Уни касб-корга муҳаббат, беморлар дардига малҳам қўйишдек ягона мақсад ва шу йўлдаги завқ-у машаққатли интилишлар юксак мақомга етказди.

– Андижон давлат тиббиёт институтининг сўнгги босқичида, – дея эслайди у, – устозим Ҳабибулло Абдухолиқовнинг кўзнинг мўъжизалиги, офтальмологликнинг ҳикмату хосиятлари ҳақидаги ўта таъсирли маърузалари шу соҳани танлашимга туртки бўлди. Устоз назоратида интернатурани тугатиб, яна уч йил малака ҳосил қилдим. Мени институтнинг кўз касалликлари шифохонасига ишга тавсия этишди. Таниқли офтальмолог Муҳаммаджон Тўраев, Ҳабибулло Абдухолиқов таълим-тарбиялари мени нафақат кўз доктори, балки соҳани ривожлантириш ишқи билан ёнадиган мутахассисга айлантирди.

У 1998 йили Наманганга қайтгач, Давлатобод, Поп ва Тўрақўрғон туманларидан кўз шифокори бўлиб ишлаш жараёнида мамлакатимизгина эмас, дунёда эндигина ривожланаётган кўзга сунъий гавҳар қўйиш операцияларини устозлари раҳнамолигида амалга оширди. Ҳолбуки, ўша пайтда муассасада биттагина тирқишли лампа бўлиб, ҳозирги офтальмологик асбоб-ускуналарнинг бирортаси бўлмаган.Муҳаммаджон тиниб-тинчимади. Россиянинг Уфа ҳамда Екатеринбург шаҳридаги офтальмология марказлари таниқли шифокорлари тажрибаларини ўрганиб қайтгач, унда мустақил кўз клиникаси барпо этиш истагини амалга ошириш учун янги шижоат пайдо бўлди.

Бахтига давлатимиз томонидан хусусий сектор учун кенг йўллар очилди. Аввал Поп ва Тўрақўрғон тумани, ниҳоят Наманган шаҳрида "Doktor Vision" хусусий шифохонасини очиб, замонавий аппаратлар сотиб олди, юқори сифатли хизматларни йўлга қўйди.

Халқ ва ҳамкасблар ҳурматига сазовор офтальмолог ҳақидаги эътирофлар янада диққатга моликдир.

ЭЪТИРОФЛАР

Жавлонбек ДАДАХОНОВ,

офтальмолог врач:

– Талабалигимдан Муҳаммаджон Анваровичдан таълим-тарбия олиш ҳаваси билан яшардим. Бахт­ли тасодиф учраштирди. Клиникамизда олти нафар врачмиз, ҳаммамиз ёш. Барчамизни диаг­нос­тика, даволаш, жарроҳлик йўналишларида профессионал даражада ишлай олишга ихтисослаштирдилар. Ҳалоллик, инсонга меҳр, касб­га садоқатни эътиқод деб билишни сингдирганлар. Айни пайтда ҳар бир врач, ҳамшира, ўрта тиббиёт ходимининг қувончу ташвишларига отамиздек шерик бўлиб келмоқда.

 

Аббос БЕРДИАЛИЕВ,

вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар офтальмологияси бўлими мудири:

– Устозим таклифлари билан клиникада болалар офтальмологияси бўлимини шакллантирдик. Бунга эҳтиёж катта эди. Масалан, чақалоқларда кўздан бурунга тушадиган ёш канали очилмаган ҳолда туғи­лиш, ёш қопи фельмонаси касаллиги кўплаб учрамоқда. Ёш каналини зондлаш амалиёти клиникадаги илғор технологиялар ёрдамида юқори сифат билан амалга оши­рил­япти. Некомудицион ғилайлик, туғма катаракта, туғма глоукомани жарроҳлик билан даволаш учун болаларни Тошкентга жўнатиш муаммоси ечилди. Оператив даволаш кўрсаткичлари 95 фоиздан юқоридир.

 

Муборак ЙЎЛДОШЕВА,

Поп тумани:

– Ёшим етмиш бешга кетяпти. Анчадан бери кўзимга парда тушиб, ёруғ дунёни ёрқин кўришга зорман. Охири ўғилларимнинг таклифига кўндим, докторга олиб боришларига рози бўлдим. "Опа, менинг исмим Муҳаммад, иншааллоҳ, эртангги муолажамиздан сўнг, яна равшан кўра бошлайсиз!" деганда ич-ичимдан тўлқинланиб кетдим. Индинига кўзимдаги боғламни олишди. Кўзимни очсам, ўша, қоронғи кўнглимга ёруғлик бахш этган врач йигит, ҳамшира қизлар жилмайиб туришарди.

* * *

Дунёнинг чароғонлиги кўзларимиз соғломлигида. Кўзларимиз равшанлиги Муҳаммаджон Қаюмовдек изланувчан ва уддабурон, ишбилармону тадбиркор дўхтирларнинг моҳирона муолажаларида, албатта. Шундай экан ёруғ оламнинг гўзаллигидан бебаҳра қолмаслик бахтини каттаю-кичикка қайтараётган юқори малакали шифокору ташкилотчи ва ташаббускор инсон ҳамиша раҳмату ташаккурларга муносибдир. Ана шу муносиблик мартабаси бундан буён ҳам янада баландлайверсин!

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.