Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг таниқли жарроҳлари билан ҳамкорликда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Учқўрғонлик беш ёшли Бахтиёр анчадан бери қорин, бел соҳасидаги оғриқлардан азоб чекар, баъзида иситмаси кўтарилиб, ҳолсизланиб қолар эди. Энди бу дардлар ортда қолди. Туғма ривожланиш нуқсони ўнг буйрак тиэлоуритрал приктураси асорати, ўнг томонлама гидронефроз учинчи даражаси ташхиси қўйилган беморда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази урология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Хуршид Сатторов мазкур марказнинг таниқли шифокорлари Мансурбек Рўзиев ва Қуддусбек Абдуллаевлар иштирокида ғоят мураккаб амалиётни муваффақиятли якунлади. Амалиёт Андерсон Хайнс усулида бажарилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бир куннинг ўзида тўққиз нафар жажжи бемор жарроҳлик столига ётқизилди. Уларнинг 6 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Бу жараён маҳаллий шифокорлар учун "маҳорат сабоғи" вазифасини ўтади, – дейди ВБКТТМ болалар урологи Баҳромжон Ёқуббоев.