Вилоят стоматология поликлиникасида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Дастлаб вилоят стоматология поликлиникасининг раҳбари Муҳаммаджон Абдуллаев жамоанинг аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги фаолияти хусусида ахборот берди.

Соҳа етакчисининг таъкидлашича, салкам икки юз кишилик жамоа вилоятимиз аҳлига сифатли стоматологик тиббий хизмат кўрсатиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Хориждан олиб келинган замонавий тиш даволаш машиналари беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.

Шуниси аҳамиятлики, поликлиника бозор тамойиллари асосида тўла ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтган. Шу боис ҳам хусусий муассасалар билан рақобатда хизматлар нархини арзонлаштириш ва сифатини яхшилаш билан мижозларни ўзига жалб этмоқда.

Савол-жавоблар чоғида фаолиятдаги айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтириш, тўлов хизматини такомиллаштириш ва шунингдек, ҳақли эътирозларни келтириб чиқараётган бошқа масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.