Наманган шаҳридаги Давлатобод тумани марказий шифохонаси бинолари яқинда мукаммал таъмирланиб, қулайликлар, тиббий хизмат турларини кўпайтириш имкониятлари яратилди. Лаборатория бўлимига 38 миллион сўм эвазига гемотологик анализатор, лор бўлимига 200 миллион сўмлик лор-комбайн, кўз касалликларини даволаш учун 291 миллион сўмлик офтольмологик сканер ускунаси, реанимация учун 250 миллион сўмлик наркоз аппарати, 33 миллион сўмга жарроҳлик столи олинди. Бундан ташқари, ташаббусли бюджет лойиҳасига кўра 770 миллион сўмлик турли хилдаги замонавий тиббий ускуналар харид қилинди. Шу йил бошида эса Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 490 миллион сўмлик лапароскопия аппарати берилиши мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришга замин яратмоқда.

– Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифлари чоғида марказий шифохонани инвестиция дастурига киритиб, замонавий тарзда қайта қуриш таклифи берилган эди, – дейди бош врач Тоҳиржон Бойдадаев. – Таклиф амалга ошди. Аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларни барвақт аниқлаш, тиббий хизматлар турларини кўпайтириш, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари олиб боришга муяссар бўлдик. Йилига тўққиз минг бемор даволанадиган замонавий марказимиз ходимлари аҳолининг тиббиётдан розилиги учун сид­қидил хизмат қилмоқдалар.

Шифохонанинг барча бўлимларида бугунги кун талабларига мос шароитлар яратилган. Биргина беморларни қабул қилиш босқичида кўплаб турдаги замонавий тиббий текширув ускуналаридан фойдаланилмоқда. Ультра товуш, электрокардиография, рентген ускуналари аниқ ташхис қўйиш, тўғри муолажа белгилаш имконини беряпти. Лаборатория бўлими техник ва технологик таъминоти тубдан яхшилангач, ўтказилаётган таҳлиллар тури 100 дан ортди.

Физиотерапевтик муолажаларнинг ҳам хасталикларни даволашдаги самарадорлиги ошди. Хусусан, ёруғлик нури, юқори частотали токли қурилма ёрдамида даволаш йўлга қўйилган.

Жарроҳлик бўлими мудири Баҳромжон Убайдуллаевнинг таъкид­лашича:

– Яқин вақтгача йилига 30-40 та амалиёт ўтказилар, тури ҳам жуда кам эди. Сабаби шароит ва имкониятлар ўта чекланганди. Асбоб-ускуналар юқори технологик амалиётларни ўтказишга йўл бермасди. Бугунги кунда эса йилига 130 дан ортиқ жарроҳлик муолажаси қўлланмоқда. Бунинг асосий омили стандарт шароит, сўнгги русумдаги операция столи, ўта ноёб лапароскоп жамланмасига эга эканлигимиз ва мутахассисларимиз замонавий тажриба ва малакаларни эгаллаб келаётганлигидир.

– Мен мазкур бўлимга қорин бўшлиғида қаттиқ оғриқ билан жуда оғир аҳволда келтирилдим, – дейди косонсойлик Маълума Нортожиева. – Гўё дардимга даво топилмайдигандек эди. Операциядан сўнг дунёга қайта келгандек бўлдим. Тиббиётдаги ислоҳотлар, ҳақиқатан, инсон қадри учун эканига ич-ичимдан иқрор бўлдим.

Шифохонанинг лор бўлими имкониятлари ҳам бугунги замон талабларига мос. Беморларнинг ётиб даволаниши учун етарли шароитлар мавжуд. Қувонарлиси, шу ернинг ўзида қулоқ, бурун, томоқ хасталикларига ташхис қўйилиб, муолажалар бажарилади. Шифохонага янги бино қурилгач, лор бўлимида жарроҳлик хонаси ҳам ташкил этилди. Эътиборлиси, замонавий тиббий аппаратлар ёрдамида бугунгача бажариш имкони бўлмаган мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди. Жумладан, эндоскопик-сентоплас­тик, эндоскопик-возатомия, эндоскопик-синусатомия каби ноёб амалиётлар бўлим хирурглари томонидан бажариляпти. Яқинда юқори технологияли жараёнлардан бири – бурунни кесмасдан, унинг ёндош бўшлиқларида эндоскопик йўл билан ички эндоназоль усули муваффақиятли қўлланди. Лор-жарроҳлар эндиликда қулоқ ноғора пардасини тиклаш амалиётини жорий этиш устида иш олиб бормоқдалар.

Даволашнинг янги усулларини амалиётга жорий этиш жамоа олдидаги асосий вазифага айланган. Яна бир эътиборли жиҳат – шифохонани бундан-да яшил маконга айлантириш йўлидаги хайрли қадамлар ҳамда ишлатилган тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш ускунаси олиб келингани ижобий саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Дилдора МАМАДИЁРОВА,

журналист.