image

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган туркий тиллар оиласи деб аталмиш ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман лафзида сўзлашувчи халқларнинг қардошлик ришталари ҳам шу қадар қадимийдир. Дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган аллома боболаримиз барпо этган қондошлик пойдеворида бугун янада сарбаланд дўстлик ва биродарлик қўрғонлари барпо этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини равнақ топтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари боис ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг кўплаб тармоқлари бўйича ҳамжиҳатлик асослари, имкониятлари вужудга келди.

Озар шифокорларининг Ўзбекистонда даволаш ишларини беминнат амалга ошириши, ўзбек санъаткорлари озарбайжонлик шинавандаларга завқ бағишлаши азалий қардошликнинг янги уфқлари барқ ура бошлаганидан далолат. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Абдулла Орипов бу бардавом дўстликни шундай таърифлаган.

 

Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,

Шу инжа озарий тилни, забонни.

 

Асли Муқаннага қиёс этгулик,

Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.

 

Низомий болидан ҳалво пишурмиш,

Навоий забт этиб туркий жаҳонни.

 

Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,

Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.

 

Азизим, дилимда асраб юрибман

Насимий қолдирган собит имонни.

 

Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,

Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни.