Фестивал доирасида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида ҳам миллий ғурур ва ифтихор туйғусини жўштирувчи маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Ҳар бир халқнинг миллий белгисига айланган матолари бор. Аммо ўзбек аёлининг ўзидек латиф ва қалбидек гўзал, сержило Ватан тароватини турфа рангларда намоёнлаётган атлас минг йиллар мобайнида дунёни ҳайратлантириб келмоқда. Европа давлатлари, хусусан, АҚШ, Италия, Франция ва бошқа мамлакатлар дизайнеру модельерлари атласга такрор ва такрор мурожаат этмоқдалар. Ҳа, бу газлама неча асрларки турфа хиллиги, ранг-баранглиги, жилвакорлиги, улуғворлиги, пишиқ-пухталиги билан маълуму манзур. Уларнинг энг қимматбаҳоси "Хон атлас" ҳисобланиб, опа-сингилларимизга янада латофат, фусункорлик ва виқор бахш этади. Вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида ўтказилган миллий фестивалда ана шу таърифлар янада яққол акс этди.

Атласга бурканган майдон, жилвакор либослар кийган шифокор опа-сингилларимиз ўз дас­турларида қадимий ипак ҳунармандчилиги, у билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарда хал­қимизнинг юксак диди, эстетик қарашлари, ихтирочилик салоҳияти ўз ифодасини топди. Атласчилар сулоласининг вакили бўлган ҳамшира Дилноза Раҳматуллаеванинг газлама тўқиш жараёнлари акс этган кўргазмали чиқиши ҳунармандчиликда бетакрор бобо-бувиларимизга нисбатан меҳр-муҳаббатни кучайтирди. Ҳамшира қизлар ижро этган шўх куй-қўшиқлар, рақслар, саҳна кўринишлари байрамона кўтаринкилик бахш этди.

– "XON ATLAS" фестивали марказимиз хотин-қизларига чексиз қувонч берди, – деди бўлим катта ҳамшираси Одина Холйигитова. – Улар мураккаб соҳа шифокори бўлиш билан бирга нафосат ва гўзаллик фариштаси эканликларини намоён қилдилар. Энг муҳими, мазкур анъана юртдошларимизда миллий фахр-ифтихорни тарбия­лабгина қолмай, хорижликларда қўлигул халқимизнинг тўқимачиликдаги юксак малака-маҳоратига чексиз ҳурмат-эҳтиром уйғотади, ҳунармандчилик туризмини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Дарҳақиқат, тарихий меросни асраб-авайлаш, улар воситасида халқимизнинг донишмандлиги, яратувчилик салоҳиятини хал­қаро миқёсда кўрсата билиш ёшлар тарбиясига, Янги Ўзбе­кис­тон шону шарафини дунё узра янада сарбаланд этишга хизмат қилади.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.