22-23 август кунлари гуллар шаҳри қутлуғ гўшаси улкан чаманзорга айланди. Боғ узра ёйилган фусункор гул кўргазмалари гўзаллик ва нафосат шайдолари эътиборини ўзига тортди. Тиббиёт муассасалари вакиллари ҳам байрамни янада тароватли ўтиши учун астойдил изландилар. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали жамоаси яратган композиция кўпчиликни ҳайратлантирди.

-Бу муассаса сувчиси Алишер Юнусовнинг ғояси асосида шакллантирилди. Унда жаннатмакон юртимиз манзаралари, бетакрор гўзалликлари акс этган, -дейди филиал раҳбари Муқаддас Абдуллаева.

Вилоят кардиология маркази, вилоят наркология, эндокринология ва онкология диспансерлари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят асаб руҳий касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ва бошқа муассасалар томонидан яратилган турфа гуллар жамланмалари, экспозиция ва паннолар байрам шукуҳига шукуҳ қўшди, десак янглишмаймиз.

- Байрам мазмундорлигини ошириш мақсадида болалар томонидан тайёрланган бадиий чиқишларни намойиш этяпмиз, - дейди вилоят болалар силга қарши кураш сиҳатгоҳи маънавият тарғиботчиси Саидахон Дадабоева.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги оилавий поликлиникалар ва шифохоналар ходимлари ҳам ўз саъй-ҳаракатлари билан шодиёна кўркига кўрк ато этдилар. Шаҳар болалар шифохонаси, 1-шаҳар шифохонаси ва бошқа муассасалар жамоаларининг изланишларига тасаннолар айтса арзийди.

"Кексаларни эъзозлаш йили"да ўтаётган тантанада кўплаб тиббиёт фахрийлари ҳам қатнашдилар. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан уларга меҳр ва мурувват кўрсатилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов отахон ва онахонларни энг улуғ, энг азиз айём билан қутлади. Шарафлаш маросими якунида қарияларга байрам совғалари топширилди.