30 апрелда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиз аҳолиси ҳам Ўзбекистон Республикаси Референдумида фаол иштирок этди. Жумладан, Тўрақўрғон туманидаги 2-мактабда жойлашган 449-референдум участкаси ҳам эрталабданоқ аҳоли вакиллари билан гавжумлашди.

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бўйича овоз беришни маҳалла оқсоқоли Салоҳиддин ота Отабоев бошлади.

– Эртанги кунимиз янада порлоқ, турмушимиз тағин ҳам фаравон бўлиши учун, Янги Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнашини ният қилиб, референдумда овоз бердим, – деди отахон.

Аҳоли вакиллари мазкур сиё­сий тадбирда уюшқоқлик билан иштирок этдилар.

– Участкамиз ҳудудида яшовчи 2854 нафар киши рўйхатга олинган. Улар овоз бериш жараёнида фаоллик кўрсатишди. 139 нафар фуқаро эса қонунчиликка кўра муддатидан олдин овоз беришга муваффақ бўлган, – деди Референдум участкаси раиси Ғолибжон Мирзаев.

Референдум қатнашчиларига ўз ҳуқуқларини эмин-эркин ифодалаш учун участкада барча шароитлар яратиб қўйилганди. Ҳудуддаги Ибрат оилавий шифокорлик пунктининг Сабоҳат Отабоева бошчилигидаги шифокору ҳамширалари овоз берувчилар саломатлигини назорат қилиб туришди. Зарур дори-дармон ва тиббий буюмлар заҳираси яратилганлиги боис мурожаат этувчилар эҳтиёжи қондирилди.