Ҳозирги вақтда ушбу масалалар Ўзбекистон Республикасининг "Давлат санитария назорати тўғрисида" 1992 йил 3 июлдаги 657-ХII -сонли қонуни билан тартибга солинади.

Халқаро, иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг интенсивлиги ҳамда атроф муҳит ўзгариши билан тавсифланадиган глобал ўзгаришлар шароитларида ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши жамоат саломатлиги хавфсизлигини таъминлашнинг хуқуқий меха­низм­ларини такомиллаштиришни талаб қилади.

Ҳозирги босқичда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги давлат ҳокимияти органлари томонидангина эмас, балки фуқаролик жамияти институтлари ва умуман жамият томонидан ҳам таъминланади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳам демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга йўналтирилган қонунларни ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат санитария назорати тўғрисидаги қонунчиликнинг ҳолати ва уни қўллаш амалиёти, мавжуд муамолар ўрганиб чиқилди, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари, АҚШ, Буюк Британия, Франция каби мамлакатларнинг санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш масалаларини ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси ҳисобга олинди.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларини тартибга солиш қонуннинг мақсади ҳисобланади. Қонун аҳолининг санитария-эпидемиологик осо­йишталигини таъминлашда давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларини, юридик ва жисмоний шахс­ларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқларини, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.

Қонунда техник тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқарувчиларга қўйиладиган, ер  учас­т­­ка­сини танлашга, объект­ларни режалаштириш, лойи­ҳалаш, қуришга, корхоналарни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, ким­ёвий ва биологик моддаларни утилизация қилиш ва зарарсизлантиришга, озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқаришга, ташишга, меҳнат шароитларига, касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига доир санитария- эпидемиологик талаблар аниқлаштирилган.

Мазкур қонун замонавий талабларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, касалликларнинг олдини олишнинг самарали тизимини янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини сақлаш ва муҳофазалашга, санитария нормалари ва қоидаларини бажаришга қаратилган.